Ўзбекистон янгиликлари

Яқинда ўзбек “зиёлилари” деб аталмиш бир гуруҳ шахслар келишган ҳолда Ўзбекистонда рус тилига давлат тили мақоми берилиши керак деган таклиф билан чиқдилар. Улар ўз баёнотлари орасида ўзбек тилини камситиш билан бирга, халқимизнинг узоқ асрлик тарихига беписандлик билан қарамоқдалар. Аслида кўпмиллатлик Ўзбекистон жамиятида барча халқ ва миллатларнинг тилларига нисбатан қулайлик ҳамда қонуний имкониятлар яратиб берилган. Бундан ортиқчасини талаб қилиш ношукрлик, таъбир жоиз бўлса, фитнакорлик аломати ҳисобланади. Бу каби ҳолат икки давлат ўртасидаги турли йўналишларда олиб борилаётган алоқаларга футур етказиши, юртимизда истиқомат қилаётган рус миллатига мансуб фуқаролар билан ўзбек халқи ўртасида миллий ва ирқий низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Аллоҳ таоло инсонларни бир миллатли қилмай, балки турли миллатларга мансуб қилиб яратган. У Зот бу ҳақида Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

   “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик” (Ҳужурот сураси, 13-оят)

Динимиз барча тилларга нисбатан эҳтиромда бўлишга буюради. Бошқа тилларга нисбатан ҳурматсизлик қилишдан қайтаради. Айниқса, бу она тилга нисбатан бўлса, ўта нолойиқ иш ҳисобланади.

Инсонларнинг турли халқлар ва қабилалар қилиб яратилишининг ҳикмати – уларнинг ўзаро танишишлари учун экан. Демак, инсон бошқа миллат вакиллари билан танишиши, уларнинг тилларини ўрганиши, уларнинг тарихинидан хабардор бўлиши учун турли миллатли қилиб қўйилган. юқоридаги “зиёлилар”нинг ҳаракатлари эса халқларнинг ўртасида адоват юзага келишига сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари орасида ҳам турли миллатга мансуб кишилар бўлган. Масалан, Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу, Салмон Форсий розияллоҳу анҳу эронлик, Билол розияллоҳу анҳу ҳабашистонлик, Абдуллоҳ ибн Салом Мадинада яшовчи яҳудий қабиласининг вакилларидан, Мория Қибтия розияллоҳу анҳо Мисрнинг қибт қабиласидан бўлганлар. Аммо ҳеч ким уларни камситмаган, сен араб эмассан деб четга сурмаган. Аксинча, ўрталарида гўзал ва ибратли дўстлик, иноқлик, мурувват ҳукм сурган.

Юртимизда кўплаб миллат ва элат вакиллари истиқомат қилишади. Уларни шу юрт фуқароси деб ҳисобланиши, мамлакатдаги мавжуд ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишда уларни четга суриб қўймай, миллатлараро тотувлик тамойилига амал қилиниши Ватанимиз барқарорлигининг сабабларидан биридир.

Рус тилини давлат тилига айлантириш таклифини илгари суриш орқали ўзбек миллатини камситаётган ва ўзбек халқининг буюк тарихини менсимаётганлар шу юртнинг туз-нонини еб, ношукрлик қилаётганлардир! Уларни шу халқ катта қилиб, ўқитди, кийинтирди, уларга жамиятнинг бир аъзоси деб қаради. Уларга мансаб, мақом ва мукофотлар билан меҳрибонлик қилди. Аммо бугунга келиб уларнинг бу хизматларга бераётган жавоблари шуми?!

Бу худди сизга таом берган кишига, таомни еб бўлиб, ношукрлик қилган кишидек бўлади!

Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизнинг ҳаётини фаровон айласин! Мунофиқларнинг фитнасидан  сақласин!

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 3589 times

Янгиликлар

Top