Ўзбекистон янгиликлари

Рамазонда саховат ишлари жўш урмоқда

Маҳзун кўнгилларга бир дам бўлсада илиқлик бахшида этмоқлик, меҳр-мурувват, эътиборга муҳтож кишиларга саҳоват кўрсатишлик қанчалар шарафли тадбир эканлигини яхши биламиз. Агар бундай амаллар савоблар 10 баробардан 700 баробаргача кўпайтирилиб берилгувчи улуғ Рамазон ойиида бажарилса нур устига аъло нур бўлади.  Ушбу муборак ойда юртимиздаги масжид имомлари ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саҳоват” уйлари, меҳнат фахрийлари, нуроний кексалар, имконияти чекланган кишилар, шунингдек кам таъминланган, ёрдамга, меҳр-муруватга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий эътибор кўрсатилмоқда. Бу билан Рамазон сабаб кишилар қалбига шодлик улашилмоқда, чин маънода байрам кайфияти зоҳир бўлмоқда. Рамазоннинг ўтган етти куни мобайнида жойларда умумий қиймати 187.405.000 сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.

 

 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Яхшиликда мусобақалашинглар” дея марҳамат қилган. Рамазон савобли амалларни қилиш учун мусобақа ойидир десак муболаға бўлмайди. Албатта бунда илоҳий кўрсатмалардан чиқмаслик талаб этилган. Имом Бухорий ривоят қилган, Салмон Форисий розияллоҳу анҳудан келтирилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойи меҳр-мурувват улашиладиган (ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар оладиган, уларнинг қалбига хурсандчилик киришига сабаб бўладиган) мавсуми эканлигини” айтганлар. Бу динимзнинг одоби ва унинг мусаффо фитратидир.

 

 

Кўрсатилган меҳр-мурувватлардан мамнун бўлганлар, Рамазон айёмларини қутлуғ бўлишини сўраб, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини, қолаверса, бу каби хайрли амалларга ҳиссалари қўшилган барча кишилар ҳаққига дуолар қилишди.

 

 

Сизчи азиз диндош! Бу яхшиликлар мавсумида хайрли ишга улгурдингизми? имконингиз қадар кимнингдир оғирини енгил қилишга, қувонч ва меҳр-муҳаббат улушишга киришдингизми? Бир зумда Рамазоннинг учдан бири ҳам ўтиб бормоқда, ҳадемай, бир ойгина азиз меҳмонимизни ҳам кузатамиз. Фурсатни ғанимат билинг, ей савоб изловчи!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2219 times

Янгиликлар

Top