Ўзбекистон янгиликлари

Муҳтарам юртбошимиз бошчилигида юртимизда амалга оширилаётган эзгу ислоҳотлар йўналишида диний-маърифий соха алоҳида аҳамиятга эга бўлиб турибди. Яқиндагина Рамазон туҳфаси ўлароқ Тошкент шаҳрида мўмин мусулмонлар ихтиёрига топширилган икки буюк аллома номидаги муаззам мажмуалар бизни беҳад қувонтирган эди. Бу муборак ойдаги баракотлар янада зиёда бўлиб, халқимиз учун хурсандчиликлар, эзгуликлар давом этмоқда.

Сурхондарё вилоятида масжидлар сони яна биттага кўпайди. Бугун 24 май муборак Жума куни Термиз шаҳрида Ислом оламидаги улуғ аллома “Ҳаким Термизий” номидаги янги қурилган масжиднинг очилиш маросими бўлди.

2018 йилда муҳтарам Юртбошимиз Сурхондарё вилоятига қилган сафарлари чоғида буюк аллома Ҳаким Термизий мажмуасига яқин жойда жоме масжиди қурилиши бўйича бир қатор топшириқлар берган эдилар.

Ана шу эзгу ташаббуснинг ижроси ўлароқ бугун бу жойда 3000 дан ортиқ сиғимга эга бўлган муҳташам жоме масжид бунёд бўлди. Мазкур масжид Термиз шаҳрининг дарвозаси, яъни шаҳарга кириш йўлида барпо этилди.

Масжиднинг очилиш маросимида иштирок этган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, вилоят бош имом-хатиби Алиакбар Сайфуддинов ва бошқа уламолар қалбларида севинч билан, чин ихлос ила вилоятнинг барча туманларидан ташриф буюрган намозхонларни янги масжид билан қутлашди. Вилоят ҳокими Т.Боболов Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакили, бош имом-хатиб А.Сайфуддиновга масжиднинг Адлия вазирлигидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳномани топширди.

Сўзга чиққанлар масжид улуғ аждодимиз Ҳаким Термизий роҳматуллоҳи алайҳнинг салобатлари, улуғворликларига мос бўлгани, бу даргоҳ юртдошларимиз учун ҳидоят ва маърифат маскани бўлиб, халқимиз иймон-эътиқодининг юксалишида, улуғ алломаларимизни ёш авлодга танитишда, уларнинг бебаҳо меросини ўрганишда кўп йиллар хизмат қилишини таъкидлашди.

Масжидда ўқилган биринчи намоз жума намози бўлди. Яна Рамазон ойида. Қолаверса бугундан таровеҳ намозларида хатми Қуръон бошланади. Ушбу масжидда қилинган тоат-ибодатлар, хатми Қуръонларнинг савоби Сурхон заминидан етишиб чиққан улуғ алломалар, жумладан, умрини Қуръони карим, ҳадиси шариф, қалб тарбиясига бағишлаган мўътабар инсонларнинг руҳи покларига мунтазам етиб боради, иншааллоҳ.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

Read 2947 times

Янгиликлар

Top