Ўзбекистон янгиликлари

Аввал муборак Рамазон ойида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан улкан аҳамиятга эга бўлган инсонпарварлик тадбири амалга оширилгани, яъни 156 нафар ватандошимиз Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилгани ҳақида хабар қилинган эди.
Ҳеч шубҳасиз, бу иш билиб-билмай нотўғри йўлга кирган инсонларни кечириш, уларни оиласи бағрига, тўлақонли ҳаётга қайтаришга қаратилган тарихий воқеа экани ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўплаб ижобий фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шу билан бирга, сўнгги кунларда Интернет тармоғидаги айрим манбаларда Ўзбекистондаги MY5 нодавлат телеканалида 4 июнь куни эфирга узатилган кўрсатувда берилган лавҳаларга асосланган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг юқоридаги жараён билан боғлиқ фикрлари тарқатилмоқда.
Қайд этилган кўрсатувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Тошкент шаҳридаги масжидларнинг бирида қилган маърузаларидан парча келтирилган. Таъкидлаш жоизки, ушбу маърузада Мустақил Ҳамдўстлик Давлатлари ташкилотига мансуб мамлакатлар ва уларга туташ ҳудудлардан мутаассиб шахсларнинг таъсири остида Сурияга бориб қолган шахслар, уларнинг оила-аъзолари ва яқинлари ҳақида умумий маълумот берилган эди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳозирги кунда Сурия ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларининг сони ҳақида аниқ маълумотга эга эмас.
Шунингдек, юқоридаги маърузада муфтий ҳазратлари томонидан Суриядан яқинларининг қистови, зўравонлиги ёки алдови билан бориб қолган тоифага мансуб фуқароларни қайтариш бўйича ҳаракат қилинади, деган мазмунда фикр айтилган.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 5421 times

Янгиликлар

Top