Ўзбекистон Уммоннинг халқаро логистика компанияси ASYAD билан бирга Уммон пойтахти Маскатга ҳўл меваларнинг синов партиясини етказди. Айни вақтда Уммонга самолёт билан 200 кг га яқин шафтоли ва қовун етказилган.
25 июнда Ўзбекистоннинг Маскатдаги элчихонасида бу лойиҳага бағишланган кўргазма-тақдимот бўлиб ўтди. Тадбир давомида Уммон Ўзбекистонда етиштирилган ҳўл мевалар экспорти учун устувор йўналишлардан бири ҳисобланиши таъкидлаб ўтилган.
Кўргазмада Баҳрайннинг Уммондаги элчиси Жума ал-Кабий, Баҳрайн савдо-саноат палатаси делегацияси, БАА, Қатар, Atyab foodtech, Al-Hosn, Al Hamdani group компаниялари ҳамда Уммоннинг бир қатор йирик дистрибьюторлари вакиллари иштирок этишган.
ASYAD вакиллари ўзбек мева-сабзавотларининг Форс кўрфазига етказилиши ва тарқатилиши бўйича хаб ташкил этиш учун барча зарур шароитларни тақдим қилишга тайёрликларини таъкидлаб ўтишган.
БАА ва Баҳрайн вакиллари ўзбек меваларининг таъмини юқори баҳолашган ва ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Уммондан ўз давлатларига реэкспорт қилиш истиқболларини муҳокама қилишга тайёрликларини билдиришган.
Томонлар, шунингдек, ўзбек маҳсулотларини етказиб беришнинг янги ва самарали йўналишларини излаш бўйича фикрлар алмашишган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати