Ўзбекистон янгиликлари

ВАҚТ − УМРИМИЗ МЕЗБОНИДИР

У оламлар Парвардигори яратган ибтидо ва мангулик мўжизасидир. Ўзи чексиз аммо, чекловлари бор, у мангу давом этади-ю умр кўринишидаги қисқа шаклга эга. Сенга унинг онларга бўлакланган ҳамда ўлчанган бир бўлагигина насиб этади. Ўзи бир ўлчамли-ю лекин ўлчови бисёр. Лаҳзани ўлчаш мезони нима? Гоҳида лаҳзалар йиллар залворига эга бўлади гоҳо, ғафлат тумани аро қолиб йиллар тўфонини сезмаймиз. Кунлар секин, йиллар тез ўтади.

Вақт умримиз мезбонидир келиб-кетгувчи, биз эса, мезбонимиз унинг чархпалагида, бир зум бўлсада меҳмон-у мезбонлик удуми бузилмагай. Бизнинг кутгулигимизга яраша тутқулик совғаси бўлади, ташвишу ғавғоси ҳам йўқ эмас. Биз унинг келишини интиқиб кутамиз, баъзан тез ўтиб кетишидан оғринамиз, баъзида секин бўлсада ўтишини хоҳламаймиз. Гоҳида бир зум қалбимизни лаҳзада кўкларга олиб чиқгувчи не-не дақиқалари ҳам борку деб ўзимизни овутамиз. Вақтдан нафратлансанг-да у қалбинг жароҳатини даволайди.

У ўзи юрар узлуксиз зинага ўхшайди, сакраб ўтолмайсан, лаҳзалар ўрнини алмашлаб болмас, ўз вақти-соати билан қадам-бақадам юришга мажбурсан, босилган из ўтмишга айланади. Зинадан кўтарилмоқлик ёки тушмоқликни англаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Ўтган кундан ибрат олиб, бугуннинг мазмунини яратиб ва эртанинг фароғатига эришиш маълум маънода ўзингга ҳам боғлиқ.

У ўткинчи давр-у даврон, ортига боқолмайди, қайтолмайди ҳам бироқ, такрорийлиги муқаррар, кунлар, ойлар, фасллар йиллар асрларга қўл тутади. Замоннинг бисотида ўтмиши, ҳозири, келажаги борлиги айни ҳақиқат демакки, ҳар борлиқнинг ўзига хос бисоти бор. Шамол ели сиртингдан сийпаб ўтса, вақт эса сенинг вужудинг, руҳинг, онгинг орқали сизиб ўтади ва албатта ўз нақшини қолдиради. У ўзи дарёдаги сув каби оқаётиб истасанг, истамасанг шаксиз сени домига тортади, кимдир пўртанага, кимдир довулга дуч келиши тайин. Бир умр ҳаёт оқимида суза олиш санъатини ўрганиб яшайсан. Ҳаётнинг ўзидан дарс оласан, бу дарснинг танаффуси ҳам, таътили ҳам йўқ, аммо қалбингда бонг ургувчи қўнғироғи борки, Ҳақ синовлари ҳақида огоҳлантириб туради. Бу қўнғироқ товушига кимдир умуман эътибор бермайди, хушёр тортмайди, хатолари гуноҳларга бурканиб улканлашаверади, оқибат бу юк уни тубанликка тортади. Комил инсон эса, бу оламда ҳаққа эришиш йўлида дуч келадиган аломатларни ўз муддатида инобатга олиб яшай олади. Вақт суратига, маромига мослашиш оқилона иш эканлигини тушиниш ҳам бир бахт.

Бурҳон Жўраев
“Абдулаҳадхон” жоме масжиди имом-хатиби

Read 2223 times

Янгиликлар

Top