Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик имомлар Қозоғистонда жума намозларини ўқиб бердилар

Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари  идоралари ўртасида диний-маърифий сохада мустаҳкам дўстлик алоқалари ўрнатилган. Йирик анжуманлар, диний-маърифий тадбирлар томонларнинг ўзаро иштирокларисиз ўтмайди.

2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили муносабати билан Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари идоралари ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолангани ўтган давр мобайнида икки давлат диний идоралари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда. Бу борада минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш, диний эҳтиёжларини қондириш ва уламоларнинг ҳамфикрлилигини йўлга қўйиш каби долзарб масалалар бўйича қатор учрашув ва амалий ташрифлар алмашинуви йўлга қўйилмоқда. Жумладан, ўзбекистонлик уламолар, имом-хатиблар тез-тез Қозоғистон мусулмонлари диний идораси таклифига биноан қўшни давлатда бўлиб қайтишмоқда.  

Жорий йилнинг 28-30 июн кунлари навбатдаги ташриф амалга оширилди. Тошкент шаҳар “Нўғой қўрғон” жоме масжиди имом-хатиби Ёрқинбек Қултоев ва Тошкент вилояти “Кўктерак” жоме масжиди имом-хатиби Химойиддин Тошболтаевлар Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сайрам туманидаги “Айна булоқ”, “Жалол ота”, “Бирлик”, “Калон боб” жоме масжидларида бўлдилар. Вакилларимиз жума намозлари адо этиб бердилар ҳамда кундалик намозларида жамоатга ислом динининг асл моҳияти, динимизда мазҳабларнинг аҳамияти, ва бошқа мавзуларда мавъизалар қилдилар. Маҳаллий намозхонлар имомларимизнинг ташрифидан кўплаб манфаатлар олганликларини изҳор қилиб, икки юрт ўртасидаги биродарлик алоқалари доимо мутстаҳкам бўлишини, яхшилик, маърифатга хизмат қилишини тилаб дуо қилдилар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2428 times

Янгиликлар

Top