Ўзбекистон янгиликлари

“Муслим-тур” Қуддусга сафар уюштирди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси дунёдаги муборак қадамжолар бўйлаб, зиёратлар уюштиришни бошлади.
Муҳтарам Президентимиз томонидан туризмни ривожлантиришга оид қабул қилинган фармон ва қарорлар зиёрат туризмини ривожлантиришга катта хизмат қилмоқда. Ушбу зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва сайёҳларга қулай шарт-шароитлар ташкил этиш мақсадида, “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Шу кунларда “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси томонидан бир гуруҳ юртдошларимиз мўмин-мусулмонлар учун энг табаррук жойлардан бири бўлган Қуддуси шариф шаҳри зиёратини амалга оширишмоқда.
Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўч боғлаб бориш фақат уч масжидгагина бўлади: менинг ушбу масжидимга, Масжидул ҳаромга ва Масжидул Ақсога», дедилар». Демак, зиёратидан савоб умид қилиб, алоҳида ният билан сафар қилиш мумкин бўлган масжид учта экан. Улар: Мадинаи мунавварадаги Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари, Маккаи мукаррамадаги Масжидул ҳаром ва Қуддус шарифдаги Масжидул Ақсодир. Бу нарса мазкур уч масжиднинг фазли нақадар юксак эканини кўрсатади.
Шу ҳадиси шарифга монанд равишда айни кунларда 20 нафар фуқароларимиз Қуддус шаҳридаги азиз ва мўътабар масканлар, осори атиқалар ва энг асосийси “Ақсо” масжиди зиёратини амалга оширишмоқда.
Мўътабар масканлар зиёратидан руҳий-маънавий қувват олган диёримиз кишилари энг табаррук жойларни зиёрат қилганлари ва уларга кўрсатилган хизматлардан жуда ҳам мамнун бўлганларини изҳор қилишди.
Ўз навбатига айтиш керакки, “Muslim-tour” фирмаси юртимиздаги ички туризмни ривожлантириш бўйича ҳам ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бундан аввалроқ, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги қадамжолар бўйлаб зиёратлар ташкил этилган эди.
“Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси мана шундай илғор ташаббусларни амалга оширишда давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2588 times

Янгиликлар

Top