Ўзбекистон янгиликлари

Арзимас туҳфа синиқ кўнгилларни шод этди

Ислом дини доимо инсонни фақиру мискинларга, етим-есирларга моддий ва маънавий ёрдам қилишга чорлайди. Динимиз бундай хайрли ишларни амалга оширганлар учун бу дунёда ҳам охиратда ҳам улкан ажр ва яхшиликлар борлигини эслатади.
Халқимиз азалдан саховатли, меҳмондўст ва етимпарварлиги билан эътироф этилади. Бу гўзал инсонийлик бугунги кунимизда ҳам ҳалқимиз томонидан давом эттириб келинмоқда. Ҳозирги кунда давлатимиз қариялар, ногиронлар ва меҳрибонлик уйларини моддий ва маънавий таъминотларини ўз ўрнига қўйиб, эътиборга олаётган бўлса-да, ўз навбатида халқимиз ҳам бу каби ишларга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Ана шундай савоб ва баракаларни умид қилган ҳолда биз дин пешволари куни кеча шаҳримиздаги меҳрибонлик уйларидан бирига бориб, синиқ кўнгилларни бир оз бўлсада шод этишга ҳаракат қилдик.
Муборак Қурбон ҳайити арафасида яқинлашаётган 2019-2020 ўқув йили муносабати билан ҳайитлик сифатида меҳрибонлик уйида яшовчи ўғил-қизларга ҳомийларни жалб қилган ҳолда ўқув қуроллари тарқатдик.
Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ибодатдан кейинги энг афзал амаллардан бири мўминлар қалбига хурсандчилик бағишлаш”, деб марҳамат қилганлар. Ҳақиқатан ҳам, бир инсонга яхшилик қилиб, унинг кўнглини кўтариш, руҳий тасалли бериш – динимизда ажри улуғ амал ҳисобланади.
Халқимизга хос саховат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликнинг кўриниши бўлган бу каби хайрли ишлар юртимизда ёш авлодга бўлган эътиборнинг янада равнақ топаётганидан далолатдир, десак муболаға бўлмайди.
Аллоҳ таоло барчамизни бундай хайрли ишларни қилишда бардавом айласин.

 

Яҳё АБДУРАҲМОНОВ,
Тошкент шаҳри Шайхонтаҳур тумани
бош имоми-хатиби

Read 2211 times

Янгиликлар

Top