7 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Макка шаҳридаги ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган меҳмонхонада ташкил этилган тиббиёт маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, муолажа олаётган зиёратчилар ҳолидан хабар олдилар.
Маълумки, юртимиздан борган 35 нафар малакали шифокор зиёратчиларга туну кун хизмат кўрсатмоқда. Тиббиёт марказида 40 ўринга мўлжалланган ётоқлар ҳозирланган, мазкур марказга 140 миллион сўмлик дори-дармон маҳсулотлари етказиб берилиб, тиббий воситалар билан жиҳозланган. Тиббиёт марказининг 20 ўрни аёллар учун мўлжалланган бўлиб, уларга 10 нафар аёл шифокор хизмат кўрсатмоқда.
Муфтий ҳазратлари шифокорлар билан суҳбатда, зиёратчилар саломатлигига жуда катта эътибор қаратиш зарурлиги, энг тезкор услубда муолажа қилиш чораларини кўриш лозимлиги ва дори-дармон воситаларини тўғри қўллаш бўйича муҳим тавсияларни бердилар. Чунки, зиёратчиларнинг соғлом ва ўзларини бардам ҳис этишлари уларнинг ибодатлари тўла-тўкис адо этишларига асосий омил эканини муфтий ҳазратлари алоҳида таъкидладилар.
Муолажа олаётган зиёратчилар билан суҳбатлашганда, ўзбекистонликлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳавас қиладиган даражада экани, бевосита меҳмонхонанинг ўзида тиббиёт хизмати ташкил этилгани жуда ҳам катта қулайлик бўлаётгани, тиббий ёрдамга эҳтиёж сезганда, ортиқча машаққат чекишга ҳожат йўқлиги, шифокорлар ҳам ўз ишини устаси ва ширинсўзлигини алоҳида таъкидлашди.
Чиндан ҳам, ҳали бирор бир мамлакат зиёратчилар учун меҳмонхонанинг ўзида бу даражада тиббий хизмат йўлга қўймаган. Эндигина МДҲ давлатларининг айримларида шифокорлар муборак сафарга жалб этилаётган экан.
Ўз навбатида айтиш керакки, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчилар билан суҳбатлар ўтказилиб, бу йилги ҳаж мавсуми йилнинг нисбатан иссиқ пайтига тўғри келгани, бундай кезларда офтоб уришидан сақланиш, кўпроқ суюқлик ичиш, соябон тутиб юриш зарурлиги ҳақида тушунчалар бериляпти.
Зиёратчиларимиз саломатлигини асрашда тиббиёт ходимларининг ўрни ниҳоятда муҳимлигини эътироф этган ҳолда, бундай тажрибали ҳамда ўз вазифасига масъулиятли соҳа фидойиларининг хизмати катта эканини алоҳида эътироф этамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати