Ўзбекистон янгиликлари

Умра мавсуми 20 сентябрдан бошланади

Тошкент шаҳрида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан «Ҳаж—2019» мавсуми якунларига бағишланган брифинг ташкил этилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматига таяниб «Дарё» хабар берди.

«Бу йил қарийб етти минг нафар киши Ҳаж сафарида бўлиб, ислом динининг бешинчи арконини адо этиб қайтди. Уларга ишчи гуруҳининг 200 дан зиёд аъзолари ҳамроҳлик қилиб, муқаддас ибодат рукнларини тўла-тўкис бажаришлари учун яқиндан кўмак берди», — дейилади хабарда.

«Бу йилги Ҳаж мавсуми Президентимизнинг тавсиялари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида юқори савияда ташкил этилди. Аввало, улуғ зиёратга борувчилар адолат мезони асосида сараланди. Бунда номзодларнинг ислом дини арконларини билиши, маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан бирга, маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши, жамоатчилик ишларида фаоллигига алоҳида эътибор қаратилди. Улар билан суҳбатлар ўтказилиб, жамоатчилик фикри ўрганилди. Натижада республика бўйича 6970 нафар фуқаро Ҳаж сафарига бориш учун тавсия қилинди.

Қувонарлиси, зиёратга отланган юртдошларимиз томонидан жами 14326 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган фуқаро оталиққа олиниб, муборак сафар олдидан 9,3 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди», — дейди Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов.

«Анжуманда давлат раҳбарининг ташаббуси билан ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ ўтган йилдагига нисбатан 5 миллион сўмга арзонлаштирилгани, Мадина ва Макка шаҳарларида зиёратгоҳларга яқин, энг муҳими, юқори даражада сервис хизматлари кўрсатиладиган меҳмонхоналардан фойдаланилгани, пировардида Ўзбекистон ҳожиларга яратилган шарт-шароитлар бўйича биринчи бешталик давлатлар қаторидан жой олгани эътироф этилди», — дейилади хабарда.

Брифингда жорий йил Умра мавсуми 20 сентябрдан бошланиши, 1 октябрдан эътиборан эса кунига 2 та махсус авиарейс йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2711 times
Tagged under

Янгиликлар

Top