Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро Қуръони карим мусобақаси ғолиблари тақдирланди

 Маълумки, ҳар йили дунёнинг бир қатор давлатларида ёшларни Аллоҳнинг каломини ёд олишга ва мусобақалашишга қизиқтириш ҳамда  уларни Қуръони карим хулқлари ва одоблари билан хулқланишига тарғиб этиш мақсадида халқаро Қуръони карим мусобақалари анъанавий тарзда ўтказилиб келинмоқда.  Юртимизнинг 2 нафар вакили мазкур мусобақада қатнашди.

Шу йилнинг 7-11 сентябрь кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ўтказилган 41-Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўз ниҳоясига етди. Бугун  иштирокчилар учун Мадина Мунавварадаги қадамжоларга зиёрат ташкил қилинди.  Улар орасида вакилларимиз Тошкент ислом институти талабаси Ҳусниддинов Зуҳриддин қори ва Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” олий мадрасаси талабаси Орифжонов Абдурауфхон ҳам мавжуд. Улар Қуръони каримнинг тўлиқ 30 порасини ва 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида қатнашишди. Мусобақада 103 та давлатдан келган 146 нафар қорилар рақобатлашди.

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни Маккаи Мукаррама шаҳрида Маккаи Мукаррама  амири Холид ал-Файсал жаноблари раҳбарлигида ғолибларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Унда “Масжидул Ҳарам” ва “Масжидун Набавий” идораси Бош мудири Шайх Доктор Абдурроҳман ас-Судайс, Саудия Арабистони Ислом, иршод ва даъват ишлари вазири Доктор Абдуллатиф бин Абдулазиз Ол аш-Шайх, Қироллик девони маслаҳатчиси Шайх Саъд бин Носир, Масжидул ҳаром имом-хатиби Шайх Солиҳ бин Ҳумайд ва бошқа нуфузли шахслар иштирок этишди. Тадбир чоғида  юқори уч ўринни қўлга киритган 12 нафар қориларга совринли мукофотлар топширилди. Қуръони каримни тўлиқ 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш билан бирга 30 поранинг луғавий маъноларини билиш йўналишида 1-ўринни Саудия Арабистони, 2-ўринни Иордания, 3-ўринни Нигерия давлатлари қорилари эгаллади. Қуръони каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Кения, 2-ўринни Иордания, 3-ўринни Нигерия ва Ливия давлатлари қорилари эгаллади.

Қуръони каримнинг 15 порасини ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Филиппин, 2-ўринни Ливия, 3-ўринни  Баҳрайн давлатлари қорилари эгаллади.

Мусулмонлар камчилик бўлган давлатлар иштирокчилари учун Қуръони каримнинг 5 порасини ёддан ўқиб бериш йўналишида 1-ўринни Сербия, 2-ўринни Босния ва Герцеговина, 3-ўринни  Шри-Ланка давлатлари қорилари эгаллашди.

Вакилларимизга иштироки тўғрисидаги ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди.  

                                                                                                                             

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Абдуллоҳ ПАРПИЕВ

тайёрлади

Read 2135 times

Янгиликлар

Top