Ўзбекистон янгиликлари

Отинойи: “Олтмиш ёшимда мадрасада ўқишим ва сертификат олишим ҳаёлимга ҳам келмаган эди!”

Ҳудудларда фаолият юритаётган отинойиларнинг билим ва савиясини янада ошириш, шариат илмлари, замонавий фатволар, қолаверса мамлакатимизда амалга оширилаётган диний-маърифий сохадаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш мақсадида жорий йилнинг 16 сентябридан икки ҳафталик малака ошириш ўқувлари ташкил этилгани ҳақида хабар берган эдик.

 

 

 

28 сентябр куни тингловчиларнинг 1- давраси ўқув курсларини якунладилар.

Ўқувчиларга Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва унинг ҳудудий филиали профессор-ўқитувчилари, мадраса мударрислари, тажрибали имом-хатиблар зарурий билимларни бердилар. Тингловчиларга якунда малака ошириш курсларини ўтаганликлари ҳақида махсус сертификат топширилди.

Таъкидлаш лозимки, биринчи бор Республикада фаолият юритаётган 4600 дан зиёд отинойилар учун малака ошириш ўқув жараёнлари тизимли равишда йўлга қўйилмоқда.

Хоразм вилоятида ўқув курслари “Фахриддин Ар Розий” ўрта-махсус ислом билим юртида ўтказилди. Тингловчи отинойилар ўзлари учун ташкил этилган хайрли ташаббусдан миннатдор эканлигини изҳор этиб, ўзлари учун кўплаб билим ва фойдаларга эга бўлганликларини, бу каби машғулотлар ҳар йили ўтказилишини таклиф билдирдилар.  

Икки ҳафта бўлсада бу ерда биз ўзимизни мадраса талабасидек ҳис қилдик. Диний ва дунёвий илмлардан билмаганларимиз жуда кўп экан, энди англаб етдик. Бунинг устига бир гуруҳда таҳсил олган отинойилар бир-биримизга меҳримиз ортди, ўзаро фикр ва тажрибалар алмашдик”, дейди Урганч шаҳри отинойиси Феруза Отажонова.

 

 

Уларнинг даврасида бўлиб бир нарсани ҳис қиласиз: аксарияти халқ орасидан чиққан, кайвони, Қуръон ўқишгагина саводи бор онахонлар. Улар давлат даражасида ўзлари учун кўрсатилаётган эътибордан бениҳоя хурсандлар. Ҳаётларида унутилмас илмий воқеелик бўлди бу жараён.

Мадраса мударрислари ҳам уларнинг иштиёқига, қизиқишларига юқори баҳо бериб: ёшлари улуғ онахонлар ҳам мавзу бўйича кўплаб саволлар бериб, бизни шошириб қўйишди, дейишмоқда.

Олтмиш ёшимда мадрасада ўқишим ва сертификат олишим ҳаёлимнинг бир четига ҳам келмаган эди. Аллоҳга шукурки, энди бу менга армон бўлмади. Бунинг учун муҳтарам юртбошимизга, диний сохада хизмат қилаётган барча мутасаддиларга раҳмат айтаман”, дейди кўзларида ёш ила Анабиби она Ибрагимова.

Маърифат учун, дин ривожи учун берилаётган билимлар отинойилар орқали халққа, аёлларга таралади иншааллоҳ. Бу эса жамиятда турли иллатларнинг олдини олишда, хотин-қизлар тарбиясида, бидъат ва хурофотларга барҳам беришда албатта ўз самарасини беради.

 

 

Зоиржон Содиқов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

Read 1880 times

Янгиликлар

Top