Ўзбекистон янгиликлари

Олий мактабда “Тафсири Ирфон” тақдимоти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги Фармонига асосан Ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш орқали халқимизга етказиш ва, хусусан ҳадисга доир илмларни чуқур ўзлаштирган мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ҳадис илми мактаби ташкил этилган эди.

Ҳадис илми мактабида жорий 2019-2020 ўқув йилидан дастлабки дарс машғулотлари бошланди. Мактабда матахассислик фанларини ўқитишда устоз-шогирд анъанаси асосида республикамиз ва хорижий малакали педагог ўқитувчилар томонидан амалга оширилади.

Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабаларнинг назарий ва амалий билимларини янада бойитиш, ижтимоий-маънавий, сиёсий ва бадиий дунёқарашини янада кенгайтириш мақсадида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

12 октябрь куни Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди.

Ташриф давомида мактаб ўқитувчи ва талабалари учун “Ислом цивилизациси маркази – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиши маркази” мавзусидаги маърифий тадбир ўтказилди. Тадбир дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг тўлиқ ҳажмда нашр этилган “Тафсири Ирфон” китобини тақдимоти билан бошланди.

Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов сўзга чиқиб, тафсир илмининг тарихи, унинг турлари, Мовароуннаҳр заминидан етишиб чиққан муфассир алломалар, Қуръони карим тафсири бўйича ёзилган асарлар, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан таълиф этилган Қуръони каримнинг маънолари таржимаси ва тафсири китобининг ўзига хос жиҳатларием алоҳида қайд этиб ўтди.

Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қуръони каримни ўзбек тилида тафсир қилишда уни иложи борича халқчил, матнларини барчага тушунарли бўлиши учун жуда катта меҳнат қилингани, йирик олим ва етук уламоларнинг маслаҳатлари инобатга олинганига алоҳида эътибор қаратди.

Тақдимотдан сўнг “Ислом цивилизациси маркази – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиши маркази” мавзусидаги маърифий тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Шоазим Миноваров сўзга чиқиб Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланиши, халқимизнинг ана шундай бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини барпо этилаётгани ҳақида гапирди.

Ушбу марказда юртимиздан етишиб чиққан буюк ислом олимлари, аллома ва мутафаккирлари, жаҳон маданияти ривожига ҳисса қўшган улуғ шоир ва адиблар, рассом ва ҳаттотларга оид бой маълумотларни мужассам этиши, марказ аввало меъморий ва бинокорлик нуқтаи назаридан ниҳоятда улуғвор, муҳташам ва ноёб кўринишда қад кўтараётгани, ушбу мажмуа ўзида нодир экспонатларга бой музей ва кутубхонани мужассам этиши, шу билан бирга, бу ерда кенг кўламда илмий-тадқиқот ишлари ҳам олиб борилиши ҳақида таъкидлаб ўтди.

Тадбир якунида талабалар ўзларининг қизиқтирган саволларга маърузачи томонидан жавоб олишди.

 

 

Жасур АКРАМОВ,

Ҳадис илми мактаби ўқув-услубий бўлим бошлиғи

Read 2228 times

Янгиликлар

Top