Халқаро миқёсда ҳар йили эълон қилиб бориладиган Global Terrorism Index рейтингида мамлакатимиз 160 давлат ичидан 135-ўринни эгаллаб, энг хавфсиз мамлакатлар қаторидаги ўз мавқеини янада мустаҳкамлади. Таъкидлаш лозимки, халқаро экспертлар Ўзбекистонни ушбу рейтингда 2017 йилда 117-ўрин, ўтган йили 132-ўринга жойлаштиришган эди.
Ушбу нуфузли ташкилот томонидан эълон қилинган маълумотларда Ўзбекистоннинг юқори поғоналарда қайд этилганини, муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан сўнгги йилларда юртимизда экстремизм ва терроризмга қарши кураш «жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш, ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш, тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган, ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига ўтган фуқароларга Ватанига, оиласи бағрига, тинч ҳаётга қайтиш имконини бериш каби йўналишларда амалга ошириб келинаётган кенг қамровли ишлар натижаси сифатида қайд этиш лозим.
Шу ўринда юртимизда Ўзбекистоннинг мусулмон дунёсидаги нуфузини тиклаш мақсадида буюк мутафаккир олим ва аллома аждодларимиз хотирасига кўрсатилаётган юксак эҳтиром, улар тарғиб этган соф ислом таълимоти, тарихи ва маданиятини тадқиқ этиш ҳамда халқимиз қалбига янада чуқур кириб бориши йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларни таъкидлаш жоиз. Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Мир Араб Олий мадрасаси, Ҳадис Олий мактаби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги мадрасалар ва илмий мактаблар халқимизнинг маънавияти, диний маърифатини янада ошириш, ёшларни соғлом дунёқарашли, дунёвий ва диний илмларга интилувчан этиб тарбиялаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Бундай эътирофга лойиқ кўрилишнинг ўзи бўлмагани, бунинг ортида республикадаги давлат, жамоат ва диний ташкилотларнинг ижтимоий ҳамкорлик асносидаги сермаҳсул меҳнати турганини кўпчилик англаб турибди. Бу ўз навбатида, барчамиздан амалий шукроналик, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда барча фуқароларимизнинг фаол бўлишлигини талаб этади. Зеро, кўплаб давлатлар бугунги кунда хавфсизлик масалаларида таҳликали ҳолатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Турли хил низолар, дин ниқобидаги экстремистик ва террористик гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган бузғунчилик ишлар, уларнинг фитнаси сабабли юзага келаётган қуролли можаролар натижасида рўй бераётган мудҳиш оқибатлардан тўғри хулоса чиқариш лозим.
Таассуфки, Афғонистон, Ироқ, Нигерия, Сурия, Покистон ва Сомали сингари мамлакатларида муқаддас динимизнинг ниқоб қилиб олган мутаассиб кучлар томонидан кўплаб қон тўкилишлари содир этилмоқда. Улар юқорида қайд этилган глобал рейтингда террорчилар фаолияти ва таҳдиди бўйича энг хавфли мамлакатлар деб топилиб, рейтингнинг дастлабки поғоналаридан ўрин олишган.
Таъкидлаш жоизки, рейтинг Сидней университети (Австралия) Иқтисодиёт ва тинчлик институти шафелиги остидаги халқаро экспертлар гуруҳи томонидан тузилган. Глобал терроризм индекси у ёки бу мамлакат ичидаги террористик фаолият даражасини тўрт асосий кўрсаткич бўйича ўлчайди: террористик ҳодисалар, ҳалок бўлганлар, жабрланганлар сони ва моддий зарар ҳажми. МДҲ мамлакатларидан Украина 24-ўринда, Россия 37-ўринда, Тожикистон – 50-ўринда, Қозоғистон 85-ўринда, Қирғизистон 87-ўринда, Озарбайжон 103-ўринда қайд этилган.
Аллоҳ таолодан муқаддас Ватанимиз ва динимиз равнақи, юртимиз осойишталиги, халқ фаравонлигини бардавом этишини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матубот хизмати