Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта маҳсус ислом билим юртида сарвари коинот, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларига бағишланган «Оламларга раҳматсиз, Ё Расулуллоҳ!» номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратларига бағишланган мусобақа ҳам ўрин эгаллаган бўлиб, унда билим юрти талабаларидан ташкил топган жамоалар бахс юритишди. Тадбирда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакиллари, билим юрти устоз-ўқитувчилари ва талаба ёшлар катнашди.
Тадбир Аллоҳ таолонинг зикри – Қуръони Карим тиловати билан бошланиб, тиловатдан сўнг Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси, билим юртимиз мудири Шамсуддин Баҳоуддинов дуои фотиҳа билан очиб берди ва мусобақа қатнашувчиларига омад тилади.
Қатнашувчилар қуйидаги бешта шарт бўйича билимларини ва эпчилликларини синовдан ўтказишди:
- Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи ўа саллам сийратларига бағишланган савол-жавоблар.
- Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи ўа саллам шакли-шамоилига бағишланган тезкор савол-жавоблар.
- Саловат айтиш.
- Сардорлар беллашуви.
- Саҳна кўриниши (ижодий иш).
Мусобақа билим юрти ўқитувчилари томонидан тузилган ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Қизиқарли савол-жавоблар ва маъноли саҳна кўринишларига бой бўлган мусобақада 1-ўринни – «Аҳли сунна» жамоаси, 2-ўринни – «Ансорлар» жамоаси, 3-ўринни «Қаронийлар» жамоаси қўлга киритишди ва ғолиб жамоалар билим юрти томонидан тайёрланган киммат баҳо совғалар ва фаҳрий ёрлиқлари билан тақдирланди.
Билим юрти талабалари томонидан ижро этилган ажойиб шеърлар, нашидалар ва саловатлар ўтказилган тадбирнинг файзини яна да орттирди.
Шунигдек, тадбир давомида қисқа – блиц савол-жавоб ўйинлари ўтказилиб борди ва енг кўп тўғри жавоб эгалари киммат баҳо совғалар ва китоблар билан тақдирланди.
– Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи ўа салламнинг суннатларини тирилтишга ҳисса қўшадиган, Пайғамбаримизнинг суннатларини тарғиб қиладиган, талабаларимизни илм олишга янада чорловчи бу сингари тадбирларни тез-тез уюштириш зарур, – деб таъкидлади билим юрти мудири Шамсуддин Баҳоуддинов.
Тадбирдан сўнг қатнашувчилар байрам дастурхонига таклиф этилди.
Аллоҳ таоло барчамизга тинчлик-омонлик, бахту саодат, хонадонларимизга, элу-юртимизга файзу барока ато қилсин!
Доимо Аллоҳнинг Расули Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббати қалбингизни тарк этмасин!
Адилбай Ережепов
Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний
ўрта маҳсус ислом билим юрти маънавият
ва маърифат ишлари бўйича мудир ўринбосари.