Ўзбекистон янгиликлари

Шоазим Миноваров: Ўзбекистон Россия билан диний таълим соҳасида ҳамкорликни давом эттиради

"Россия - Ислом олами" стратегик қарашлар гуруҳи (СҚГ) нинг V йиллик йиғилиши 28 ноябрь куни Уфадаги "Торатау Конгресс-Холл" залида иш бошланди. Йиғилишнинг бу йилги асосий мавзуси "Динлараро тотувлик: Россия ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИКТ) мамлакатлари тажрибаси".

"Россия - Ислом олами" СҚГнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотининг 50 йиллиги ва таниқли рус сиёсатчиси Е.М.Примаковнинг 90 йиллигига бағишланган йиғилишида Россиянинг бир қатор вилоятлари ва чет элларнинг вакиллари иштирок этди. Улар орасида Бошқирдистон, Доғистон, Чеченистон, Шимолий Осетия-Алания, Адигея, Ингушетия, Кабардино-Балкария, Карачай-Черкесия, Қрим, шунингдек Қирғизистон, Саудия Арабистони, Ўзбекистон, Тожикистон, Тунис, Покистон ва бошқалар бор.

"Башинформ" ахборот агентлигининг хабарига кўра, ҳар йилги СҚГ йиғилиши нафақат анъанавий, балки Россия ва халқаро мусулмон ҳамжамияти ўртасидаги муносабатлар кун тартибидаги муҳим форумлардан бири ҳисобланади. Учрашув қатнашчилари ўзларининг билим ва тажрибалари билан ўртоқлашадилар, ислом дунёсининг энг муҳим муаммоларини муҳокама қиладилар. СҚГ аъзолари уларни ҳал қилишнинг энг самарали воситалари ва усулларини ишлаб чиқишга интилишади.

«Мен Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг вакилиман, мен у ерда директорман. Бу барча исломшунослик, илмий марказлар, шу жумладан рус марказлари билан алоқаларни ўрнатиш билан шуғулланадиган янги ташкилот. Ўйлайманки, истиқболлар жуда катта, чунки барчамиз бир хил тизимданмиз ва барчамиз постсовет ҳудудида яшаяпмиз ва барчада, жумладан динлар, конфессиялар, бағрикенглик ўртасидаги муносабатлар борасида кўплаб саволлар мавжуд. Биз алмашишимиз керак бўлган нарса бор, айниқса, Россиянинг мусулмон минтақалари, жумладан, Бошқирдистоннинг ўхшаш ташкилотлари билан муҳокама қилишимиз керак ", - деди марказ директори,"Россия - Ислом дунёси " СҚГ аъзоси Шоазим Миноваров.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон пойтахти - Тошкентда Бошқирдистон республикасида туғилган инсонлар жуда кўп. «Биз доимо дўст эдик ва ҳалигача дўстлашиб келамиз, биз бир-биримизни жуда ҳам яқин, худди ака-укалардек ҳислоблаймиз. Биз аллақачон Бошқирдистон билан иқтисодиёт соҳасида фаол ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Маданий ва диний соҳаларга келсак, албатта уларни ривожлантирамиз. Уфада, Ислом университетида бизнинг йигитларимиз таҳсил олишмоқда, Бошқирдистон вакиллари ҳам бизда таҳсил олишмоқда. Бухоро ва ундан кейин Тошкент - улар собиқ тузум даврида ҳам бутун собиқ Совет Иттифоқи учун диний ходимларни етказиб беришган ва ҳозир ҳам бу нарса давом этмоқда. Биз диний таълим соҳасидаги ушбу ҳамкорликни давом эттирамиз ", - деди Миноваров.

Диний ва дунёвий тузилмалар ўртасидаги ўзаро муносабатларни ривожлантириш масаласига келсак, Шоазим Миноваровнинг сўзларига кўра, Уфадаги талабалар ўрта дунёвий маълумотни олишади ва кейин Россия Ислом Университетига ўқишга киришади.

«Бугун мен Уфа талабалари билан гаплашдим, улар фақат Ислом таълимоти ва динни ўрганиш билан чекланиб қолишаётгани йўқ. Улар дунёвий ўрта маълумот олишади, кейин университетга келишади. Бу тўғри йўналиш, тўғри танлов учун жуда яхши. Бизда ҳам худди шундай - Ўзбекистонда диний таълим жуда қадимги анъаналарга эга. Энди президентимиз ислоҳотларни амалга ошириш, яъни ўрта диний таълимдан олий таълимгача ягона занжир яратиш ҳақида кўрсатма берди. Таълим соҳасида Россия билан бўлишиш учун арзийдиган кўп жиҳатлар бор - биз бу йўналишда ҳаракат қиламиз. Тарихан биз дўстмиз - қўшнимиз. Алоқалар тикланмоқда: биз барча йўналишлар бўйича дўст бўлишимиз керак" - таъкидлади у.

Форум доирасида минтақанинг инвестицион жозибадорлигига бағишланган ялпи ва учта ишчи учрашувлар, кўргазмалар ўтказилди. Бундан ташқари, Евгений Примаков номидаги халқаро мукофотнинг тантанали тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари Россияда нашр этилган илмий ва диний асарларнинг китоб кўргазмаси билан танишдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1905 times

Янгиликлар

Top