Ўзбекистон янгиликлари

 

Муҳтарам юртдошларимизнинг диний саволларига жавоб бериш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ибодатга доир шаръий масалаларга телефон орқали жавоб бериш тизими йўлга қўйилди. Эндиликда мўмин-мусулмонларимиз бу борадаги ўз саволларига ушбу колл-марказ орқали жавоб олишлари мумкин.
Колл-марказнинг иш тартиби душанба кунидан шанба кунигача, соат 9:00 дан 17:00 гача давом этади (ибодат вақтлари истисно қилинади, дам олиш куни якшанба). Ушбу 78-150-33-44 телефон рақамлари орқали колл-марказга қўнғироқ қилинади ва фатво бўйича малакали мутахассислардан жавоб олинади.
Дарҳақиқат, Ислом илм-маърифат динидир. Инсон ўзи билмаган нарсасини сўраб ўрганиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз!”, деб буюрган (Наҳл, 43).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Билимсизликнинг давоси саволдир”, – дея баён қилганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ эса шундай деганлар: "Шаръий илм дин демакдир. Динингизни кимдан олаётганингизга эътибор қаратинг!".
Аллоҳ таоло ушбу лойиҳани барчамизга муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 6375 times

Янгиликлар

Top