Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент шаҳар бош имоми Халқаро форумда нутқ сўзлади

Жорий йил 11 декабрь куни Германиянинг Берлин шаҳрида «Постсекуляр дунё шароитида динлараро мулоқот - ўзаро ҳамкорлик майдонларини кашф этиш» мавзусида 15-халқаро мусулмонлар форуми бўлиб ўтди.

Россия мусулмонлари диний идораси, Берлин ислом федерацияси, Германия мусулмонлари марказий кенгаши томонидан ташкил этилган ушбу анжуманда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан диний идоралар ва ташкилотлар раҳбарлари, соҳа олимлари, шунингдек, Германиядаги дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар, миллий-маданий марказлар ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

Анжуман кун тартибида бугунги инсоният цивилизацияси ва геосиёсий жараёнларда, глобаллашув шароитида динлараро ва маданиятлар мулоқотни ривожлантириш, умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилиш ва асраш, турли халқларнинг маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараш, миллатлараро ва ирқлараро зиддиятларга йўл қўймаслик ҳамда бу борада ўзаро ҳамжиҳатликни кучайтириш, дин ниқоби остидаги ҳар қандай тажовузларга муросасиз бўлиш, диний эркинлик ва эътиқодни улуғлаш каби масалалар муҳокама этилди.

Мазкур тадбирда «Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик» мавзусидаги маъруза билан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров қатнашди.

Маърузада халқларни Ислом дини ҳақидаги тўғри маълумотлар билан таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом тушунча билан тарбиялашдек масъулият юклатилгани қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик мустаҳкам қонуний асосларга эга эканлиги, дунёвий давлат ва дин орасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилгани таъкидланди.

Кўп миллатли мамлакатимизда диний-маърифий соҳада, айниқса турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасида аҳиллик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик ва осойишталикни сақлаш йўлида Ўзбекистон Президенти ва ҳукумати томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат ва ислоҳотлар алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари тинчлик ва тотувликда, бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро ҳамжиҳатликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат ва эҳтиром қилиб яшаётганликлари эътироф этилди.

Анжуман сўнггида унинг иштирокчилари томонидан 15-халқаро мусулмонлар форумининг Берлин резолюцияси қабул қилинди.

Ушбу форум доирасида айрим иштирокчилар билан учрашувлар ўтказилди.

Жумладан, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлар кенгаши раиси, муфтий шайх Равил Гайнутдин жаноблари Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида таълим олганини, Ўзбекистон унинг учун жуда қадрли ва барча илиқ хотиралар билан ёдида қолганини таъкидлади. Шу даражага етишишида, ўзбекистонлик устозларнинг ўрни беқиёс эканини қайд этди. Барча Ўзбекистон мусулмонларига тинчлик-осойишталик, сиҳат-саломатлик ва Яратган Парвардигорнинг зийнатини тилади.

Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси Али Эрбош Ўзбекистонга 2017 ва 2018 йиллари икки маротаба ташриф буюргани, биринчи ташрифида Ўзбекистон Президенти билан учашганини, 2018 йилда эса Туркия Президенти делегацияси таркибида Ўзбекистонда бўлганини айтди.

Германия мусулмонлари марказий кенгаши раиси Айман Мазек ушбу форумда турли давлатларнинг мусулмонлари диний идоралари раҳбарлари, ходимлари, олимлар билан бир қаторда бошқа диний конфессия вакилларининг ҳам иштирок этаётганини таъкидлади. Бугунги кунда дунёда тинчлик ва миллатлараро тотувликнини сақлаш, Европада кенг авж олиб бораётган исломофобияга қарши курашиш, Ислом динини дунё ҳамжамиятига танитиш масалалари муҳимлигини қайд этди.

Ўзбекистон вакилининг мазкур форумда мазмунли маъруза билан иштирок этгани учун миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўрнатиш ва мунтазам фикр алмашинувини йўлга қўйиш улар учун ҳам жуда ҳам фойдали бўлишини билдирди.

Буюк Британия мусулмонлар Кенгаши собиқ раиси, Дунё ислом иқтисодиёти форуми бошқарув кенгаши аъзоси Сир Иқбал Сакрани Ўзбекистон вакиллари билан Москва ва Доғистонда бўлиб ўтган тадбирларда ҳам учрашганини айтиб, бугунги форумда республикамизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик борасида ибратли ишлар амалга оширилаётгани ҳақидаги маърузани катта қизиқиш билан тинглаганини билдирди. Ўзбекистон бой тарихга эга бўлиши билан бирга Ислом динининг буюк алломалари етишиб чиққан ўлка эканини қайд этиб, келгусида республикамизда бўладиган халқаро тадбирларда иштирок этиш истагини маълум қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2251 times

Янгиликлар

Top