Ўзбекистон янгиликлари

Ислом фиқҳи академияси юксак мукофот билан тақдирланди

7 январь куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида Бутун дунё Ислом уюшмаси Олий кенгашининг 44-давра йиғилишида Яқин Шарқ мамлакатларидаги можаролар, турли минтақалардаги мусулмон озчиликка қарши зўравонликларга барҳам бериш, хусусан роҳинжалар масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, дунё давлатларида тинчлик-осойишталикни таъминлаш, бузғунчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш ва халқларнинг осуда ҳаётига раҳна солувчи қора кучларнинг хатти-ҳаракатларига чек қўйишга чақирилди.
Муҳокама қилинган масалалар бўйича Саудия Арабистони бош муфтийси Шайх Абдулазиз Оли Шайх, Бутун дунё Ислом уюшмаси бош котиби, доктор Муҳаммад Абулкарим Ийсо ва бошқа бир қатор мартабали кишилар тилга олинган мавзулар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Ушбу анжуман доирасида Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида жойлашган Халқаро Ислом фиқҳи академияси фатволар ишлаб чиқиш, шаръий масалаларга мақбул ечимлар топиш ва замонавий муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш борасидаги хизматлари учун юксак мукофот билан тақдирланди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Халқаро Ислом фиқҳи академиясининг доимий аъзоси ҳисобланади.
Олий кенгаш йиғилишида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари Бутун дунё Ислом уюшмаси Олий кенгаши аъзоси сифатида иштирок этмоқдалар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2070 times

Янгиликлар

Top