Ўзбекистон янгиликлари

Улкан хизматлар эътирофи

Юртимизда инсон қадри, унинг шаъни ва шавкатини эъзозлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш, унга ўз истеъдод ва қобилиятини намоён этиш борасида барча имкониятлар мавжуд. Зеро, инсон омили улуғланган, меҳнати қадрланган юртда тараққиёт ва ривожланиш, қут-барака бўлади. Ўзларининг  фидокорона меҳнати билан мамлакатимиз равнақига катта ҳисса қўшиб келаётган дин уламоларининг  меҳнатлари  давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда.

Юртимизда сўнги йилларда Ислом дини равнақи йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда, миллий-диний қадриятларимизга янада эътибор қаратилиб, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий асарларини ўрганиш мақсадида кенг имкониятлар қилиб берилмоқда. “Эл-юрт ҳурмати” ордени унвони ана шундай эзгу ва улуғ ишлар – халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш, ёш авлод истеъдодини рўёбга чиқариш, Ватанимизнинг нуфузини янада ошириш йўлида тинимсиз меҳнат қилиб келаётган  юртдошларимизнинг самарали ва баракали меҳнати эътирофидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бу қадриятни, гўзал анъанани давом эттириб, хайрли бир ишни амалга оширдилар. Бир неча йиллардан бери Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси лавозимида ишлаётган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг 70 йиллик таваллуд айёми билан самимий табрикладилар. Шу муносабат билан у кишининг  дин ва миллат ривожи, мамлакатимиз мустақиллиги, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтириш йўлида қўшган ҳиссаларини инобатга олиб,  халқимиз  фаровонлиги йўлида олиб бораётган фаолиятларини юқори баҳолаб “Эл - юрт ҳурмати” ордени билан тақдирладилар.

Ҳазратимиз меҳнатларининг эътирофи юртимизда инсоннинг миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, фаолият туридан қатъий назар,  унинг шаъни ва шавкатини эъзозлаш ўлмас қадрият эканини намоён қилади. Мазкур юксак мукофот жаҳон цивилизациясининг бешикларидан бўлмиш Ватанда камол топган,  теран илдизларга эга халқ эканимизни намоён этади. Бу шарафга муносиб бўлишга ҳаракат қилишимиз ҳар биримизнинг масъулиятимиздадир.

Дарҳақиқат, ўз меҳнати самарасини кўриш, инсонлар учун манфаатли хизмат қилиш ҳамда халқнинг дуосини олиш инсон учун энг олий саодатдир. Зеро, бу ҳаракатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ризосига эришиш мақсадида амалга оширилади.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

                  ахборот-ресурс маркази раҳбари

                                                                           М. Саиджалолова

Read 2077 times

Янгиликлар

Top