Ўзбекистон янгиликлари

Президент: “Бирор университетда бир соат бўлса ҳам Имом Насафийнинг китобларидан дарс ўтилганми?!”

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун 20 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи мажлисида қилган чиқиши давомида Ислом дини аҳкомларига нотўғри ёндошиб, диний мутаассибликка берилиб кетиш ҳолатлари рўй бераётганини айтиб ўтди. Президент айниқса Қашқадарё вилоятидаги вазиятдан ташвишда эканини таъкидлаб, XI-XII асрларда яшаб, ижод қилган аллома Абул Муин Насафий меросини ўрганишга чақирди.

«Охирги вақтларда Қашқадарёда турли иллатлар кўпайиб кетди. Илгари ҳеч бундай бўлмаган, мен ҳайронман. Энди савол пайдо бўлади: муқаддас Ислом динини ўргатиш учун керакли ишларни амалга оширдикми?

Қашқадарёда бирорта муқаддас қадамжо борми? Биз бундай жойга етарлича эътибор бердикми? Қашқадарё ҳокимидан шу ҳақда сўрадим ва «бор», деган жавоб олдим. Сўрасам, қайсидир жойда бир дарахт бор экан ва улар зиёратга бориб, ўша дарахтга латта боғлаб қайтар экан.

Хўш, дарахтга латта боғлашда қандай илм бор экан? Биз ўша жойни ўргандик, ҳеч қандай муқаддас нарса йўқ.

Қарши шаҳрида Насафий бобомизнинг ёдгорлиги бор (Абул Муин Насафий зиёратгоҳи — таҳририят изоҳи). Энди савол пайдо бўлади: бобомизнинг илмини етарлича ўрганганмизми? Бирор университетда бир соат бўлса ҳам унинг китобларидан дарс ўтилганми? Йўқ.

Алломамиз бундан минг йил олдин айнан динда тўғри йўлдан адашганлар ҳақида китоблар ёзиб кетган. Бу китобларни биз ўқиганмизми? Йўқ.

Мисрдаги катта-катта университетларда Насафийнинг китоблари ўрганилар экан», — деди Шавкат Мирзиёев.

Read 1881 times

Янгиликлар

Top