Ўзбекистон янгиликлари

Фатво бўлимининг фаолияти

Азиз юртдошлар! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими узоқ йиллардан бери халқимизга диний маърифат тарқатиш йўлида имкон қадар хизмат қилиб келмоқда. Маълумки, бугунги кун ахборот алмашинуви ниҳоятда тезлашган даврдир. Дунёнинг у бурчагида рўй берган ҳодиса саноқли сонияларда дунёнинг бошқа бурчагига етиб боради. Мана шундай глобаллашув шароитида ЎМИ Фатво бўлими ватандошларимизга ишончли маълумотлар етказиб бериш, уларнинг турли диний саволларига жавоб бериш, ва жамиятда пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга раддиялар беришга жиддий аҳамият қаратмоқда.

Ҳадиси шарифда фойдали илм ўрганиб уни ўзгаларга ўргатиш ҳақида шундай дейилади:

أفْضلُ الصَّدَقةِ أنْ يَتَعَلَّمَ المَرْءُ المُسلِمُ عِلْمًا ، ثُم يُعَلِّمَهُ أخاهُ المُسلِمَ

رواه الامام ابن ماجه عن ابي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Садақанинг афзали – мусулмон киши илм ўрганиб, сўнгра уни мусулмон биродарига ўргатишидир” (Имом Ибн Можа ривоятлари)

Мазкур вазифаларни бажариш учун Фатво бўлимида қуйидаги йўналишларда фаолият олиб борилмоқда:

  1. Жума тезисини тайёрлаш.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари томонидан тасдиқланган режа асосида Республикамизнинг барча масжидларида якдилликни таъминлаш учун Фатво бўлими мутахассислари томонидан жума мавъизаларининг тезислари тайёрланиб, Дин ишлари бўйича қўмита билан мувофиқлаштирилган ҳолда ЎМИ раҳбарияти томонидан тасдиқланиб, барча имом-хатибларга етказилади.

  1. Фуқаролар билан юзма-юз гаплашиб, саволларига жавоб бериш.

Ҳафта давомида фуқаролар турли масалалар юзасидан Фатво бўлимига ташриф буюриб, саволларига бўлим мутахассислари томонидан батафсил жавоб оладилар.

  1. Фуқароларга хат орқали жавоб бериш.

Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига юборган мурожаатлари ва почта орқали жўнатган хатларига доимий равишда хат орқали жавоб бериб борилади.

  1. Раддиялар тайёрлаш.

Жамиятимизда тарқалган нотўғри тушунчалар, ёд ғоялар, ботил эътиқодларга асосли ва батафсил раддиялар тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилади.

  1. Колл-марказ орқали келаётган саволларга жавоб бериш.

Юртдошларимизнинг диний саволларига қулай тарзда жавоб бериш мақсадида, ЎМИ Фатво бўлими томонидан ибодатга доир шаръий масалаларга телефон орқали жавоб бериш тизими (Колл-марказ) йўлга қўйилди. Колл-марказнинг иш тартиби душанбадан шанбагача, соат 09:00 дан 17:00 гача давом этади (ибодат вақтлари истисно қилинади, дам олиш куни якшанба). Ушбу хизматдан фойдаланиш учун 78-150-33-44 телефон рақамига мурожаат қилиб, фатво бўйича малакали мутахассислардан жавоб олинади.

  1. SavollarMuslimUzBot телеграмм боти орқали келаётган саволларга жавоб ёзиш.

Юртдошларимизда телеграм ижтимоий тармоғи орқали савол йўллаш имконияти ҳам мавжуд бўлиб, бунинг учун саволларни Фатво бўлимининг SavollarMuslimUzBot телеграмм боти орқали йўллашлари мумкин.

  1. “Дин ва ҳаётга оид саволлар” телеграмм каналига долзарб савол-жавобларни қўйиб бориш.

Фатво бўлими мутахассислари томонидан долзарб ва замонавий масалалар юзасидан далилларга асосланган батафсил жавоблар  “Дин ва ҳаётга оид саволлар” телеграмм канали орқали эълон қилиб борилмоқда.

  1. “Сўраган эдингиз” рукни остида видео жавоблар тайёрлаш.

Мазкур рукн остида энг долзарб ва кўп сўраладиган саволларга видео жавоблар тайёрланиб “Муслим тв” га қўйиб борилмоқда.

  1. muslim.uz сайти орқали келаётган саволларга жавоб ёзиш.

Ушбу сайтда ҳам азиз юртдошларимиздан келаётган саволларга жавоб берилмоқда. Яқин кунларда ушбу сайтни такомиллаштириб, янгича кўринишда “fatvo.uz” сайтини ишга тушириш режалаштирилмоқда.  

Юқоридаги хизматлардан ҳар бир киши фойдаланиши мумкин. Шу билан бирга ЎМИ Фатво бўлими фаолияти оммалашиши, халқимиз ислом маърифатидан янада кўпроқ баҳраманд бўлишлари учун бошқа кишиларга ҳам тавсия қилишлари мақсадга мувофиқ. Чунки, мўмин-мусулмонлар ишончли манбалардан динни ўргансалар, саволларига жавоб олсалар айни муддао бўларди. Зеро ҳадиси шарифда: "Яхшиликка далолат қилувчи уни бажарувчи кабидир", – деб марҳамат қилинади. Бу яхши ишда бизга ёрдамчи бўлганингиздан миннатдормиз! Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин! Омин!

Read 3808 times

Янгиликлар

Top