Ўзбекистон янгиликлари

Фарғонада отинойиларга илк маротаба гувоҳномалар топширилди

Жорий йилнинг 31 январь куни Фарғона вилояти марказидаги "Ислом Каримов" номидаги вилоят театр-санъат саройида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Хотин-қизлар бўлими мудираси Ф.Абдураҳимова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов, вилоят бош имом-хатиби У.Абдуллаев ҳамда бошқа масъул мутасаддилар ва вилоятда фаолият олиб бораётган отинойилар иштирок этдилар.

 

Тадбирда сўз олганлар жамиятда хотин-қизларга бўлган эътиборни ортиб бораётгани, бу борада отинойиларнинг ўрни, ҳуқуқий мақомини юксалтириш, жамиятда аёл-қизларни илм-маърифатли, дин ва дунё илмларида пешқадам бўлиш ва барчага намуна кўрсата олиш, аёл-қизлар ўртасида турли бидъат-хурофотларни олдини олиш, соф ислом таълимотларини кенг оммага етказиш бугуннинг долзарб масаласи эканини таъкидладилар.

 

Шунингдек, тадбир давомида ўқув-малака курсларини тамомлаган, якуний имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган отинойиларга илк маротаба гувоҳномалар топширилди.

 

Қайд этиш жоизки, отинойиликка номзодлар дастлаб малака ошириш ўқув-семинарларида таҳсил олдилар. Шундан сўнг махсус ҳайъат томонидан малака имтиҳонларидан ўтказилдилар ва отинойилик фаолияти билан шуғулланиш имконини берувчи гувоҳномаларни қўлга киритдилар.

 

Тантанали равишда бўлиб ўтган тадбир сўнгида гувоҳнома олган отинойиларнинг келгуси фаолиятида муваффақиятлар тиланиб, хайрли дуолар қилинди.

 

Раҳматуллоҳ Жалилов,

Фарғона вилояти вакиллиги ходими

Read 2002 times

Янгиликлар

Top