Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда учта банк исломий молиялашни жорий қилишга ўтяпти

2020 йилда Ўзбекистонда 3та банкда исломий молиялаш жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов маълум қилди.

Бугун, 4 февраль куни Олий Мажлис қонунчилик палатасида қонун лойиҳалари юзасидан навбатдаги ялпи мажлис бўлиб ўтди. «Микромолиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси мажлис кун тартибидаги биринчи масала бўлди.

 

Муҳокамалар давомида палата спикери ўринбосари Алишер Қодиров Ўзбекистонда исломий банклар очишга қандай омиллар халақит бераётгани борасида Марказий банк вакилига савол билан мурожаат қилди.

Қодиров ўз сўзида Ўзбекистон аҳолисининг катта қисмини мусулмонлар ташкил этиши, шу боис одамлар банкдан микроқарз олишни ёқламаслигига тўхталди.

 

«Микроқарзларни одамларга молиявий кўмак беришнинг оммавий воситаларидан бирига айланишига миллий қадриятлар сабаб бўлмоқда. Шунинг учун қонунчиликдаги айрим моддаларга ўзгартириш киритиб, исломий молиялаш тизимини киритиш керак эмасми?» деб таъкидлаган Алишер Қодиров бу тизим муваффақиятли ишлаётган бир қанча ривожланган давлатларни мисол келтирди.

 

Саволга Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов жавоб берди. Унинг айтишича, ўтган 2019 йилда банклар фаолиятини ривожлантириш бўйича бир қатор қонунлар қабул қилинган. Шу боисдан амалдаги қонунчиликда ислом банкларини очиш учун тўғридан-тўғри чекловлар мавжуд эмас.

 

«Бугунги кунда 10га яқин банкларимизда микро, кичик линиялари орқали молиялаштириляпти. Чаканага ўтадиган бўлсак, ҳозир 3та банк исломий молиялашни жорий қилишга ўтяпти. Бу борада ишлар давом этяпти. Бу жараёнда йўлга қўйиладиган турли технологик ишлар бор. Ўйлайманки, шу йилни ўзида айнан кредитлаш йўналишида шу йўналишида бу масалани ҳал қиламиз»,– деди Ботир Зоҳидов.

 

Маълумот учун, исломий молия тармоғи бугунги кунда жаҳонда жадал ривожланиб бораётган ва инновацион молиялаштириш механизмларини ўзида жамлаган соҳалардан бири ҳисобланади.

 

Молиялашнинг бу тизими фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни ўзида намоён қилиши билан анъанавий банклардан фарқ қилади.

 

Исломий банклар мижоз талаби билан объектни қуриб бериши, асбоб-ускуналар, товар, хомашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Молиялаштириш асосида савдо амалиёти ётади. Замонавий банк тизимида эса банкларнинг савдо амалиётларини амалга ошириш қонунчилик нуқтайи назаридан мушкул бўлиб, бунга солиқ ҳамда банк фаолиятига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўсқинлик қилади.

 

Маълумотларга кўра, кейинги йилларда исломий молия муассасалари ялпи активлари миқдори 2,5 триллион долларни ташкил этиб, йилига 15-20 фоизга ўсиб бормоқда.

 

Манба: hidoyat.uz

Read 2129 times

Янгиликлар

Top