Ўзбекистон янгиликлари

“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Маҳалла тизими жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланади. Охирги уч йилда уни ривожлантириш борасида қатор амалий ишлар амалга оширилди.

Хусусан, маҳалла институтига оид 38 та қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, 50 дан ортиғи такомиллаштирилди. Жамият ҳаётида жонбозлик кўрсатган соҳа ходимлари давлат мукофотлари билан тақдирланди. Фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котибларининг ойлик иш ҳақи ўтган йилнинг ўзида 1,5 баробарга оширилди.

Сўнгги уч йилда 624 та маҳалла идораси янгидан қурилди, 2 минг 265 таси реконструкция қилинди ва таъмирланди. 102 та туман ва шаҳар марказида “Маҳалла маркази” мажмуалари барпо этилди. Ҳар бир фуқаролар йиғинида “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари, 4 мингдан зиёд маҳалла биноларида кутубхоналар ташкил қилинди.

Маҳалла фаолларининг масъул ташкилотлар ва профилактика инспекторлари билан ҳамкорлигида охирги уч йилда 87 мингга яқин кам таъминланган оила эҳтиёжмандлик даражасидан чиқарилди.

Президентимиз маҳалла тизимидан халқ ҳам, давлат ҳам тўла рози эмаслигини, бу соҳада камчилик ва долзарб масалалар кўплигини таъкидлади. 

Хусусан, маҳаллаларда 18 мингдан ортиқ ходим фаолият кўрсатиб келаётган бўлса-да, уларнинг иши самарали ташкил этилмаган. Оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тизим йўлга қўйилмаган. Оқибатда айрим маҳаллаларда нотинч оилалар, ҳуқуқбузарликлар кўпайган. Шунингдек, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар орасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатлари учраётгани жуда ачинарли.

Йиғилишда оилавий ажримлар, ёшлар саломатлиги, эрта туғруқлар, маънавий-ахлоқий тарбия билан боғлиқ муаммолар кўрсатиб ўтилди. 

 – “Оила – муқаддас” деган азалий ва эзгу ғоя қадрсизланиб, минг йиллик миллий қадриятларимиз завол топар экан, бу каби оғриқли ҳолатларни камайтириб бўлмайди. Бунинг учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши керак. Чунки фаоллар, кўпни кўрган оқсоқоллар, тажрибали нуронийларимиз, агар истаса, жамоатчилик билан биргаликда ҳар қандай муаммони ҳал қилишга, хато қилган ёшларни тўғри йўлга солишга қодир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда маҳаллаларнинг ўзида ҳам қатор муаммолар борлиги қайд этилиб, уларни қўллаб-қувватлаш, маҳалла идораларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Масалан, бугунги кунда 1 минг 234 та фуқаролар йиғини турли ташкилотлар ёки тадбиркорларга тегишли биноларда жойлашган. Яна мингдан зиёди ижтимоий муассасаларда, 78 таси қўшни маҳалла йиғинлари биноларида фаолият кўрсатмоқда, 48 та маҳалла биноси авария ҳолатида. Маҳалла бинолари учун коммунал тўловларни тўлаш бўйича мақбул ва ягона тартиб ишлаб чиқилмаган.

Маҳалла тизимида кадрлар қўнимсизлиги одатий ҳолга айланган. Маҳалла ходимларини уларга боғлиқ бўлмаган ишлар, йиғилиш ва бошқа тадбирларга жалб қилиш тақиқланган бўлса-да, бу борада сезиларли ўзгариш бўлмаяпти.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари зиммасига 200 дан ортиқ вазифа юкланган. Лекин бор-йўғи 2 та штат бирлиги билан шунча вазифани бажариш мумкинми, деб ўйлаб кўрилмаган. Ҳеч бир ҳоким ёки кенгаш маҳаллалар фаолиятининг самарадорлигини ошириш масаласини муҳокама қилмаган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга яқинда йўллаган Мурожаатномасида маҳалла тизимини ўзгартириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этиш зарурлиги тўғрисида фикр билдирган эди.

Видеоселектор йиғилишида ана шу тамойилни амалга ошириш, маҳалла тизимини ислоҳ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш йўлида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш шартлигини таъкидлади. Ушбу улкан соҳага масъул алоҳида давлат идораси – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи билдирилди.   

Қайд этилганидек, янги вазирлик маҳалладан тортиб республика даражасигача 40 мингдан ортиқ ходимни бирлаштиради ва уларнинг “бир ёқадан бош чиқариб”, ягона мақсад йўлида фаолият кўрсатишларини таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, жойларда муаммоларни ҳал қилишнинг яхлит ва таъсирчан вертикал тизими яратилади.

Вазирнинг биринчи ўринбосари оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалаларга масъул этиб белгиланади. Вазирнинг яна бир ўринбосари кексаларни ижтимоий рағбатлантириш, ёшларда ватанпарварликни мустаҳкамлаш масалалари билан шуғулланади. Оилавий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш, томорқа ва ободонлаштириш, экология, бандликка кўмаклашиш масалаларига масъул ўринбосар лавозими жорий этилади.

Вазир – “Маҳалла” жамғармасига, вазирнинг биринчи ўринбосари – “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” жамоат фондига, Кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосар “Нуроний” жамғармасига раисликни ҳам бажаради.

Вазирликнинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ҳоким ўринбосари ҳисобланади. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ҳудудлардаги ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари даражасига кўтарилади. Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан узвий ҳамкорликда ишлайди.

Янги тузилмада хотин-қизлар билан ишлашга устувор аҳамият қаратилади. Шу вақтга қадар хотин-қизлар қўмиталарида, маҳаллаларда меҳнат қилиб келган аёллар тузилмада фаолиятини давом эттиради, уларнинг мавқеи, моддий шарт-шароитлари ва иш ҳақи ҳам сезиларли оширилади.

Маҳалла раисининг ваколат муддати уч йилдан беш йилга ўзгартирилади. Унинг уч нафар ўринбосари лавозими жорий этилади. Профилактика инспектори эндиликда маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари бўлиб ишлайди. У ҳам 5 йил муддатга тайинланади.

Маҳаллалардаги турли йўналишлар бўйича ташкил этилган, бироқ кутилган самарани бермай келаётган 12 та жамоатчилик комиссия ва тузилмалари ҳам оптималлаштирилади.

Йиғилишда маҳалла институтининг иқтисодий-молиявий асосларини кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Жорий йил 1 мартдан маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ойлик иш ҳақи ўртача 1,35 бараварга оширилиши бегиланди.

Маҳалла ходимлари ҳамда профилактика инспекторлари фаолиятини баҳолашнинг ягона мезони ишлаб чиқилади ва самарадорлик рейтинги жорий қилинади. Барчага ўрнак бўладиган маҳаллалар аниқланиб, муносиб рағбатлантириб борилади.

“Ҳар бир оила тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Ҳунармандчилик” дастурлари доирасида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун арзон кредит маблағлари ажратилади. Бу маблағлар ҳисобига сартарошхона, новвойхона, шунингдек, ҳунармандчилик, тикув, қандолатчилик цехлари, оталар чойхонаси, гузар масканлари ташкил этилади.

Молия вазирлигига маҳаллаларни қўллаб-қувватлашнинг иқтисодий-молиявий асосларини пухта ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Мутасадди вазирлик ва идораларга маҳаллаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар фаолиятига замонавий ахборот ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари эндиликда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини амалиётга жорий этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, ер участкаларини ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш, ҳудудни ободонлаштириш каби масалалар билан шуғулланиши таъкидланди.

Фуқаролар йиғинларининг фаолиятига хос бўлмаган 50 дан ортиқ вазифа бекор қилиниши, профилактика инспекторларига юклатилган ортиқча топшириқлар ҳам кескин қисқартирилиши белгиланди.  Маҳалла раисига қўшимча ҳуқуқлар берилиб, мақоми ва обрўси кучайтирилиши қайд этилди.

Мутасаддиларга “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилига асосланган янги тизимни жорий этиш, маҳаллага ва қадриятларимизга ҳурмат туйғусини шакллантирадиган саҳна асарлари ва бадиий фильмлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича таъсирчан тизимни шакллантириш мақсадида профилактика инспектори кўриб чиқадиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар сонини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Ички ишлар вазирлигига профилактика инспекторларига яратилган шароитларни ўрганиб, таянч пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, профилактика инспекторлари фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, бу вазифага муносиб ходимларни қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фуқаролар йиғинлари комплексларини қуриш, бўш турган биноларга маҳалла идораларини жойлаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Маҳаллаларда аҳиллик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик туйғуларини кучайтиришда кексалар тажрибасидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Маҳалла ва оила масалалари бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда амалиётга жорий этиш мақсадида “Оила” ва “Маҳалла зиёси” марказлари негизида “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллалар миллий менталитетимиз кўзгуси эканини, жамият ҳаётида катта ўрин тутишини таъкидлар экан, Наврўз байрамига ҳамоҳанг тарзда 22 март санасини “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилишни таклиф этди.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди, нуронийлар ва фаоллар фикр билдирди.

 Манба: https://president.uz

Read 2140 times

Янгиликлар

Top