Ўзбекистон янгиликлари

Марказнинг ҳамкорлари яна биттага кўпайди

Бугун 14 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Вақф хайрия жамоат фонди ўртасида ҳамкорликка оид меморандум имзоланди.

Икки муассаса ўртасидаги келишув ислом илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз қаламига мансуб асарлар ва Марказ тадқиқотчи олимларининг нашрга тайёрланган китоб ва рисолаларини чоп этиш, тарғиб этиш, аҳолига етказиш, шунингдек, илмий-тадқиқот марказида ўтказилаётган тадбирларда моддий ва ижтимоий жиҳатдан ҳомийлик қилиш мақсадида амалга оширилди.

Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакили, Ҳадис илми мактаби жамоаси ва талабалари иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар тўғрисида маълумот беришди.

Тадбир давомида Вақф хайрия жамоат фонди томонидан Ҳадис илми мактабида таҳсил олаётган уч нафар талабага 2019-2020 ўқув йиллари тўлов шартномаси учун 4 миллион сўмлик сертификатлар топширилди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Қуръони карим китоби ҳадя қилинди. 

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Вақф хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, қатор хайрия тадбирларини ўтказиб келмоқда.

 

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Read 1872 times

Янгиликлар

Top