Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиблар ва халқимиз томонидан 400 га яқин жонлиқ сўйилди, юзлаб хатми Қуръон қилинди, миллионлаб саловоти шариф айтилди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан каронавирус юқумли хасталигини тез орада инсоният бошидан аритиш мақсадида динимиз кўрсатмаларига мувофиқ, бир қатор хайрли ишлар амалга оширилди.
Бугунги фазилатли жума айёмида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилликлари жами 21 бош қора мол, туман-шаҳарлар марказий масжид имом-хатиблари ташаббуси билан ҳомийлар жалб қилинган ҳолда, 386 бош қўй сўйилиб, гўштлари кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонлар ва меҳрибонлик уйларига хайрия қилинди.
Диний соҳа ходимлари 6 543 та нажот сўраш намозини адо этдилар. 1 466 301 та “Солатун ножия”, 1 277 537 та “Солатун нория”, 234 055 та “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” каби улуғ саловоти шариф ва дуо, 207 390 марта “Фотиҳа” ва “Ихлос” суралари ўқилди.
Ушбу хатми Қуръонлар, салавотлар ва хайрия ишларининг якуний дуолари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларида Тошкент шаҳридаги "Сузук ота" мажмуасида юртимиздаги энг табаррук уламолар томонидан амалга оширилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу хайрли ишларга ҳисса қўшиш мақсадида халқимиз томонидан катта ташаббус кўрсатилди. Жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали хабар топган юртдошларимиз ўз уйларида, оила аъзолари билан хатми Қуръон ва “Солатун ножия”, “Солатун нория” каби улуғ дуоларни ўқишга киришдилар.
Қийинчилик, мусибат даврида жипслашолишимиз, бир тану бир жонга айлана олишимизни кўрсатди. Бугун эрта тонгдан бошлаб Диний идорага аҳолимиздан қўнғироқлар тинмади. Уларда ихлоси баланд азизларимиз: “Биз шунча хатмона қилдик, бунча саловоти шарифлар ўқидик, бизни ҳам ёзиб қўйинг”, дея хабар бердилар.
Бугун соат 12-00 гадар Диний идорага келиб тушган маълумотларга кўра, юртдошларимиз томонидан 17 та қўй сўйилиб, ҳақдорларга эҳсон қилишган. 213 маротаба хатми Қуръон қилишган, 271 690 киши нажот сўраш намозини адо этишган. 656 864 та “Солатун ножия”, 612 053 та “Солатун нория”, 199 343 та “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” каби улуғ саловоти шариф ва дуоларни, 350 466 марта “Фотиҳа” ва “Ихлос” сураларини ўқишган. Бундан ташқари, қанчадан-қанча юртдошларимиз айтишга ботинмаган ёки хуфёна тарзда ибодат ва тасбеҳу дуоларда бўлишган.
Халқимиз орасида Аллоҳ таолонинг валий бандалари, дуолари мустажоб чин дўстлари бор. Уларнинг биргина дуолари балоларни аритиши, енгиллик ва кушойишлар келтириши мумкин. Ана шундай азизларимиз ҳам дуоларда бўлдилар, иншоаллоҳ.
Синовли дамларда бутун халқимиз чин ният ва ихлос билан қилган хайрия, эҳсон ва қурбонликлар, кўплаб хатми Қуръон, дуои саловотлар шарофатидан юртимиз, қолаверса, бутун дунёда каронавирус юқумли касаллиги тез орада чекинсин, берморларга комил шифо берсин, масжидларимиз ҳам яқин вақтлар ичида очилиб, мўмин-мусулмон халқимиз билан обод бўлсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2422 times

Янгиликлар

Top