Ўзбекистон янгиликлари

Коронавирусдан ҳеч ким кафолатланмаган,  тиббий ниқоб тақишни унутманг!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё бўйича коронавирус юқтирганлар сони 400 мингга яқинлашгани, 14,5 мингдан зиёд киши ушбу инфекция оқибатида ҳаётдан кўз юмганини маълум қилди.
Ушбу ташкилот касалликнинг олдини олиш мақсадида, тиббий ниқоблар тақиш, мунтазам қўлни совунлаб ювуш, одамлар орасида масофа сақлашни ва бошқа чоралар қўллашни қатъий таъкидламоқда.
Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони 2020 йил 25 март ҳолатида 56 нафарни ташкил этди. Ушбу беморларнинг барчаси даволаш муолажаларини олмоқда. Ҳозирги дақиқаларда 13 нафар беморда ўпка яллиғланиши – пневмония аломатлари кузатиляпти. Беморлардан 4 нафарининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Ташкил этилган махсус изоляторларда 20 мингдан кўпроқ фуқаро карантин тадбирларини ўтаяпти.
Мана шундай синовли дамларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тизимли ишлар ва амалий саъй-ҳаракатлар узлуксиз олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва карантин талабларига қатъий риоя этиш бўйича мурожаати доирасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Диний идора раҳбарияти, уламолар ва имом-домлалар жойларда шахсий гигиена талаблари ва карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, айниқса, тиббий ниқобларни тақиш, қўлни мунтазам совунлаб ювиш, ижтимоий масофаланиш ҳамда қўл бериб кўришишликни вақтинча тўхтатиш борасида тинимсиз тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар.
Шунингдек, уламолар, бош имом-хатиблар ва имом-домлалар томонидан ҳомийларни жалб этган ҳолда жойларда 50 мингдан зиёд тиббиёт ниқоблари тарқатилди ва бу ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш зарурки, аксарият аҳолимиз эпидемик вазиятни тўғри тушунган ҳолда мазкур тавсияларга онгли равишда амал қилмоқда.
Шу билан бирга тиббий ниқоблардан фойдаланиш, одамлар билан мулоқотда бўлганда масофани сақлаш қайта-қайта эслатилишига қарамай, айрим маҳалла ичкариларида дока ниқобларни тақишга юзаки қараш, шунчаки бўйнига, оғзига ёки иягига илиб қўйиш ёки мутлақо тақмаслик ҳолатлари учраяпти.
Сир эмаски, касалланиш сони ортиб бораётганини барчамиз кўриб турибсиз. Қачонки вирус бир одамдан иккинчи одамга юқиши давом этаркан унинг касаллик чақириш қобилияти янада ортиб боради.
Бугундан бошлаб, дока ниқобларни, ҳимоя воситаларини тақмаганларга нисбатан жазо қўлланилиши белгилаб қўйилди. Ҳар бир киши ўз саломатлиги, оиласи, яқинлари саломатлиги учун масъул эканини, қолаверса республикада эпидемик вазиятни барқарор ушлаш бўйича ҳам ҳар бир киши масъул эканини зинҳор унутмаслиги зарур.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2132 times

Янгиликлар

Top