Ўзбекистон янгиликлари

Шифокорлар бизни фақат дори-дармонлар эмас, ширин сўзлари билан ҳам даволади

КОРОНАВИРУСДАН ТУЗАЛГАН ЮРТДОШЛАРИМИЗ: шифокорлар бизни фақат дори-дармонлар эмас, ширин сўзлари билан ҳам даволади

КОРОНАВИРУСДАН ТУЗАЛГАН ЮРТДОШЛАРИМИЗ: шифокорлар бизни фақат дори-дармонлар эмас, ширин сўзлари билан ҳам даволади

Куни кеча дунё миқёсида инсоният саломатлигига рахна солган тождор вирус пандемияси устидан юртимизда ҳам илк ғалаба қозонилди – 7 нафар касалликка чалинган юртдошимиз бутунлай соғайиб, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатиб қўйилди. Улар бу ерда навбатдаги қисқа муддатли қайта тиклаш муолажаларини олмоқда.
 
Касалликдан бутунлай соғайиб, ёруғ юз билан оиласи, яқинлари бағрига қайтиш бахтига муяссар бўлаётганлар орасида Хадича Шаҳобова ҳам бор. У касалликдан бутунлай фориғ бўлган кечаги кунни ҳаётининг унутилмас, энг қувончли дамлари сифатида эътироф этди. 
 
    
– Коронавирусдан соғайиб, шифохонадан чиққан куним ҳаётимдаги энг қувончли кун, – дейди Хадича опа. – Аввало, бизга ғамхўрлик қилиб, соғайиб кетишимиз учун барча имкониятларни яратиб берган Президентимизга ташаккур! Бизни даволаган шифокорлар, ҳамшираларнинг барчасига катта раҳмат. Барака топишсин, Оллоҳ улардан рози бўлсин! Тиббиёт ходимлари бизни фақат дорилар эмас, ширин сўзлари билан ҳам даволашди, руҳан қўллаб-қувватлашди. Назаримда, соғайиб кетишимизда асосий омил айнан мана шу ғамхўрлик, уларнинг меҳр-муҳаббати, ишончи бўлди. Бугунги кунни ҳеч қачон унутмасам керак. Бошқа беморларга ҳам тезроқ соғайиб, эсон-омон оиласи бағрига қайтиш насиб этишини тилайман. Халқимиз соғ-омон, юртимиз тинч бўлсин! Бу касаллик юртимиздан, ер юзидан тезроқ кетсин. Ҳар битта одам карантин қоидаларига амал қилиб, ниқоб тақиб юрсин, гигиенага риоя қилсин, саломатликларини асрасин. Шундай фидойи, ўз касбининг устаси бўлган шифокорларимиз бор экан, бу касалликни албатта енгамиз! 
 
Касалликдан соғайган яна бир юртдошимиз Алишер Мусабековдир. Унинг ҳам кўзларида қувонч порлайди, тилида шукроналик, миннатдорлик сўзлари. 
 
                 туз.jpg
 
– Вирусология илмий-текшириш институтида 14 кун даволаниб чиқдим, ҳозир соғлиғим яхши, – дейди Алишер ака. – Бизга шунчалик ғамхўрлик кўрсатаётгани учун Президентимизга, давлатимизга раҳмат. Шифокорларга ҳам ўз миннатдорлигимни билдираман. Шифохонада бизга жуда ҳам яхши қарашди. Соғайиб кетишимиз учун тиббиёт ходимлари бор имкониятларини ишга солишди. Яна ўн тўрт кун реабилитация муолажаларини олиш учун санаториядамиз. Бу ернинг ҳам шароитлари аъло даражада экан. Очиқ чеҳра билан кутиб олган шифокор ва ҳамширалар, бизга ғамхўрлик қиляпти. Бундай эътибор ва ғамхўрлик учун такрор ва такрор ўз миннатдорлигимни билдираман. Биз учун дуода бўлиб турган халқимиз, давлатимиз раҳбари доим омон бўлсин!
 
Моҳигул Қосимова, ЎзА
 
Манба: http://uza.uz
Read 2199 times

Янгиликлар

Top