Ўзбекистон янгиликлари

РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ:  Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда вирусни юқтириб олган беморлар саломатлигини тиклаш юзасидан зарур вазифалар амалга оширилмоқда.
 
Бунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва коронавирусга қарши курашишда тажрибага эга мамлакатлар (Хитой, Жанубий Корея) мутахассисларининг тавсия ва маслаҳатларига қатъий амал қилинмоқда. Аҳоли, айниқса ёши улуғ инсонларни ушбу эпидемиядан ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилиниб, муайян тартиблар ўрнатилмоқда.
 
Хусусан, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида “ўзини яккалаш” (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилади. 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилади. Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади.
 
Коронавирус инфекциясига қарши кураш фонида кўплаб юртдошларимиз ва қатор жамоат ташкилотлари шахсий ташаббус кўрсатиб, турли хайрия акцияларини уюштирмоқда. Эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатламига муайян турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бермоқда. Жамиятнинг бирдамлиги ортиб, фуқароларнинг бир-бирига меҳр-оқибат ва мурувват кўрсатаётгани қувонарли ҳол.
 
Лекин мутахассисларнинг фикрига кўра, бу турдаги акциялар давомида COVID-19 вирусининг янада кенг тарқалиш хавфи жуда юқори. Бундан ташқари, бутун дунё бўйича ушбу инфекцияни юқтириб вафот этаётганлар орасида асосан ёши улуғ инсонлар кўпчиликни ташкил этади.
 
Мамлакатдаги эпидемиологик ҳолатни инобатга олиб айтиш мумкинки, санитария-гигиена қоидалари ва карантин талабларини четлаб ўтиб, якка тартибда хайрия тадбирларини амалга ошириш аҳоли, айниқса нуронийлар ҳаётини жиддий хавф остига қўяди.
 
Мазкур жараёнда якка тартибдаги хайрия акцияларини жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан вақтинча тўхтатиш мақсадга мувофиқдир.
 
Соҳа мутахассисларининг фикрлари, савобталаб ва саҳоватпеша инсонлардан келиб тушган мурожаатлар ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази ташкил этилгани инобатга олиниб, эҳтиёжманд кишиларга хайрия ёрдамларини манзилли етказилишида кўмаклашиш учун бундай тадбирлар қуйидаги марказлашган тартибда амалга оширилади:
 
– Тошкент шаҳрида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Ўзэкспомарказ Миллий кўргазма мажмуаси таркибидаги павильонда ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида шундай механизм жорий этилади;
 
– Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлимлари жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ёрдамга муҳтож қатлами ҳақидаги маълумотни ҳудудий тегишлилиги бўйича Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига тақдим этади;
 
– жисмоний ва юридик шахсларнинг беғараз ёрдамлари Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали сантитар-гигиеник талабларга мувофиқлиги кўрикдан ўтказилиб, карантин талабларига қатъий риоя этилган ҳолда (махсус кийим бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган ҳолда) эҳтиёжмандларга етказиб берилади;
 
– аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига хайрия ёрдамларини шахсан етказиш истагида бўлган нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда саҳоватпеша инсонлар ва кўнгилли (волонтёр) лар ушбу хайрия тадбирларида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва жараёнда қатнашишга таклиф этилади;
 
– эҳтиёжманд оилаларга берилган хайрия ёрдамлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади.
 
Пул кўринишидаги маблағларни “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиш тавсия қилинади.
 
Ушбу тартибга қатъий амал қилиниши талаб этилади.
 
Манба: http://uza.uz
Read 2255 times

Янгиликлар

Top