Ўзбекистон янгиликлари

Коронавирус беморларининг шифо топиши давом этмоқда

Айни пайтда юртимизда каронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг 12 нафари бутунлай соғайди, тез орада яна ўн нафарга яқин бемор тўла тузалиши кутилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот берди.
Аллоҳнинг изни, давлатимизнинг каронавирус касаллигининг олдини олиш бўйича ўз вақтида қўллаган чора-тадбирлари, фидойи шифокорларимиз саъй-ҳаракати туфайли беморларимиз юқумли касалликдан шифо топмоқдалар.
Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тўлиқ даволаниб чиққан беморлар соғликларини қайта тиклаш учун маълум муддат Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация тиббиёт марказига жойлаштирилди. Улар бу ердан тез орада чиқиб, оила ва яқинлариг чексиз қувонч улашадилар.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда каронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш, уни юқтирган беморларни махсус муассасаларда сақлаш, уларни даволаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада Соғликни сақлаш вазирлиги вакиллари, айниқса, шифокор ва ҳамширалар улкан қаҳрамонлик кўрсатишмоқда. Аллоҳ таоло уларнинг ажру мукофотини кўпайтириб берсин!
Ушбу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Диний идора ташаббуси билан ҳомийлар жалб қилинган ҳолда, жонлиқлар сўйилмоқда, имом-хатиблар бошчилигидаги масжид ходимлари, диний таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалар хатми Қуръонлар қилмоқдалар, саловати шариф, мустажоб дуолар ўқимоқдалар. Ана шундай хайрли ишлар мўмин-мусулмон халқимиз томонидан ҳам оммавий тарзда амалга оширилмоқда.
Бугунги синовли дамларда Аллоҳ йўлида бутун халқимиз бирлашиб, чин ният ва ихлос билан қилаётган дуои хайрлар, эзгу ишлар натижаси ўлароқ юртимизда каронавирус юқумли касаллиги кўтарила бошлади, иншоаллоҳ.
Аллоҳ таоло соғайган берморларимизнинг соғ-саломат оилаларига қайтишини, қолган беморларимизга комил шифо беришини, юртимиз ва бутун дунё халқи ушбу касалликдан тез орада халос бўлишини Ўзи насиб айласин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1967 times

Янгиликлар

Top