Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслиги керак

Президент Шавкат Мирзиёев 10 апрель куни пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизими самарадорлигини ва ҳосилдорликни оширишда энг долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус пандемиясига қарши курашиш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди:

– Авваламбор, дунёнинг кўплаб давлатларида коронавируснинг тез тарқалиши билан боғлиқ бугунги вазият биз Ўзбекистонда карантин ва аҳолини бесабаб кўчага чиқмаслик режимини ўз вақтида жорий этганимизни исботлаганини таъкидламоқчиман.

Буни тўғри тушуниб ва маъқуллаб, сабр-тоқат билан уйида ва карантин масканларида ўтирган барча фуқароларимизга, шунингдек ўз бурчини мардлик ва матонат билан бажараётган шифокорларимизга чуқур миннатдорчилигимни билдираман.

Очиғини айтиш керак, агар халқимизнинг менталитети ва турмуш тарзини, шу жумладан, иш-ўқиш, тўй-маърака, маҳалла, бозор, қариндошлар, қўшнилар, дўстлар, айниқса беморлардан тез-тез хабар олиш каби жуда кенг ижтимоий муносабатларимизни ҳисобга олсак, карантин ва чеклаш тадбирларини вақтида киритмаганимизда, беморлар ва йўқотишлар бундан анча кўп бўлиши аниқ эди.

Инфекция тарқалишини деярли бир ой давомида секинлаштириб, бу вақтдан даволаш ўринларини кўпайтириш, чет давлатларнинг даволаш тажрибасини ўрганиш ва жорий қилишда унумли фойдаландик.

Шунингдек, Россиядан 500 та сунъий нафас бериш аппаратини харид қилдик. Уларнинг биринчи қисми яқин кунларда олиб келинади. Хитойдан касалликни аниқловчи 200 минг дона ва Германиядан 50 минг дона тест олиб келинмоқда.

Биз бу иллатга қарши курашишда халқаро ҳамжамият билан кенг ҳамкорлик қиляпмиз. Бугун Туркий тилли давлатлар кенгашининг айнан шу масалага бағишланган навбатдан ташқари саммити видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.  

Анжуманда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон ва Венгриянинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус иштирок этди.

Саммитда биз Туркий кенгаш доирасида қўшма эпидемиологик кузатув тизимини шакллантириш, диагностика, даволаш масалалари бўйича ўзаро маълумотлар ва тажриба алмашиш юзасидан келишиб олдик, кенг йўлга қўйишни таклиф этдик.

Шуни алоҳида айтиб ўтмоқчиманки, барча делегация раҳбарлари биринчи навбатда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молия ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорлигимизни пандемия тарқалиши шароитларида ривожлантириш учун янги механизм ва форматлар кераклигини таъкидладилар.

Туркий кенгаш давлатларининг ўзаро савдо айланмаси ҳажмларини инқирозолди даражасида сақлаб қолиш,

инвестицияларни рағбатлантириш ва устувор лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро кўмак кўрсатиш,

транспорт инфратузилмасидан самарали фойдаланиш ва юк ташиш тарифларини пасайтириш,

умуман олганда, давлатларимиз учун биринчи галда зарур бўлган маҳсулотлар ташувлари учун ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги ҳақида атрофлича келишиб олдик.  

Биз бу хатарга қарши курашда мамлакат ичида бўладими, юртимиздан ташқарида бўладими, бор куч ва имкониятларимизни тўла сафарбар этамиз.

Ватанимизда яшаётган ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаслиги керак.

Шунинг учун жойлардаги 6 та сектор раҳбарлари, барча мутасаддилар, республикадан бириктирилган вазирлар жуда қаттиқ иш олиб боришлари керак!

Хавф ҳали ўтиб кетгани йўқ. Ҳали олдинда жуда катта синовлар кутмоқда.

Темир интизом ва юксак масъулият билан кечаю кундуз иш давом этиши керак!

 

манба: https://president.uz/uz/lists/view/3492

Read 1846 times

Янгиликлар

Top