Ўзбекистон янгиликлари

Саховат ва кўмак азалий қадриятларимиздир

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати – давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнидир.

                       Шавкат Мирзиёев

 

Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Глобал инқироз ва пандемия шароитида мамлакатимиз аҳолиси бандлиги масалалари”га бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида амалга оширилаётган ишларга яна бир бор тўхтала туриб, халқимиз бошига тушган оғир кунларда барчамизни янада баҳамжиҳат, аҳил ва бирдам бўлишга чақирди.

Эътиборимни тортган муҳим жиҳатлардан бири шу бўлдики, муҳтарам Президентимиз ўз нутқида: “...эл бошига иш тушган қийин дамларда бир-бирига елкадош бўлиш, бир-бирига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш каби энг олижаноб фазилатлар халқимизнинг юрагида, қалбида азалдан мужассам бўлганини, бугун ушбу интилишлар янада кучлироқ жўш ураётганини намоён этади”, дея такидлаб ўтди.

Маълумки, халқимиз азал-азалдан бошига мусибат келганда қўлни қўлга бериб, бир бирига елкадош бўлиб келган. Бунга ёрқин мисол қилиб, иккинчи жаҳон урушида кўрсатилган юксак жасоратни келтиришимиз мумкин. Ўша йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар тақчиллигига қарамай, халқимиз уйидаги бор будини фронт учун сарфлади. Жумладан, урушнинг тўрт йили давомида Ўзбекистон давлатга 4 806 000 тонна пахта, 54067 тонна пилла, 1 066 000 тонна ғалла, 195 000 тонна шоли, 108 000 тонна картошка, 374 000 тонна сабзавот ва ҳўл мева, 35289 тонна қуруқ мева, 57444 тонна узум, 1 593 000 тонна гўшт, 5 286 000 дона тери топширгани маълум. Бундан ташқари, уруш йилларида Ўзбекистон аҳолиси мудофаа жамғармасига жами 649 900 000 сўм нақд пул ўтказиб берган. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин албатта.

Шу боис Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

Бу ташаббусни халқимиз кўтаринки руҳда, қизғин кутиб олди. Бинобарин, мана шундай синовли кунларда бир биримизга ғамхўр, меҳр-оқибатли, аҳил-иноқ ва тиргак бўлишимиз инсонийликнинг энг олий намунаси, десак асло муболаға бўлмайди.

Бундай эзгу қадриятлар миллий-диний таълимотларимизда ҳам ўз ифодасини топган. Тарихда ҳам мана шундай мусибатли кунларда халқ дарди ва корига камарбаста бўлиш борасида ибратли воқеалар бўлиб ўтган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида Мадинада қурғоқчилик бўлди. Усмон розияллоҳу анҳу Шомга тижорат ишлари билан кетган эдилар. Қурғоқчилик хабари Усмон розияллоҳу анҳуга етганида бор тижоратларига озиқ-овқат сотиб олиб қайтдилар. Бу хабар Мадинага етгач Мадина тожирлари (тижоратчилар) шаҳардан ташқарига чиқиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг карвонларини кутиб туришди. Карвон етиб келганида улар Усмон розияллоҳу анҳуга катта фойдаларни ваъда қилишди у зот эса кўнмадилар. Шунда Мадина тожирлари: “Нима, бундан-да кўпроқ фойда кўзладингми?”, деб сўраганларида, у зот: “Ҳа”, деб жавоб қилдилар. Улар ҳайрон бўлиб: “Кимга, қанча фойдага?”, деб яна сўрашди. Усмон розияллоҳу анҳу: “Бу карвондаги барча озиқ-овқатларни Аллоҳ ва Унинг Расулини розилиги учун Мадина аҳлига эҳсон қилдим”, деган эканлар.

Дарҳақиқат, муқаддас ислом динида мусулмон киши ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга ундалади. Чунки, инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига олиб борувчи йўллардин биридир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

لَنْ تَنَالُوا الْبِرَّ حَتَّى تُنْفِقُوا مِمَّا تُحِبُّونَ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ شَيْءٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ

(سورة آل عمران/92)

яъни: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”. (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар:

"عَلَي كُلِّ مُسْلِمٍ صَدَقَةٌ قَالُوا يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَجِدْ ؟ قَالَ: يَعْمَلُ بِيَدِيهِ فَيَنْفَعُ نَفْسَهُ وَ يَتَصَدَّقُ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ؟ قَالَ : يُعِينُ ذالحْاَجَةِ الْمَلْهُوفَِ قَالُوا: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَفْعَلْ؟ قَالَ: يَأْمُرُ بِالْمَعْرُوفِ أَوْ بِالْخَيْرِ قَالُوا: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ يَفْعَلْ ؟ قَالَ: يُمْسِكُ عَنِ الشَّرِّ فَاِنَّهَا لَهُ صَدَقَةٌ" (متفق عليه)

яъни: “Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобалар савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, нечора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Саҳобалар савол беришди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз (с.а.в.) жавоб бериб айтдилар: “Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди” Саҳобалар сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб айтдилар: “Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади”.

Демак, инсон қўлдан келганча хайр-эҳсон қилиши билан ҳам ўзгаларга наф келтиради, ҳам ўзининг номаи амолига яхшиликлар битиб қўяр экан. Айниқса, кириб келган Рамазони шариф ойларида бундай ишларга камарбаста бўлиш савобларни бир неча юз ва ҳатто минг ажру-савобларга сазовор бўлади.

Яхшиликнинг чеки-чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам - бир яхшилик. Сўзимни сўнгида муҳтарам Президентимизнинг айтган қуйидаги сўзлари билан ниҳояламоқчиман: “Мен, мана шу ташаббусни чин дилдан қўллаб-қувватлаб, бу савобли ишга муносиб ҳисса қўшаётган барча ватандошларимизга, саховатли тадбиркорларимизга муқаддас китобларимизда айтилган: “Яхшиликнинг мукофоти – фақат яхшиликдир”, деган гапни яна бир бор эслатмоқчиман”.

                                                       

ЗАФАР ХАЙРУЛЛАЕВ

Дин ишлари бўйича қўмита бош мутахассиси

 

Read 2809 times

Янгиликлар

Top