Ўзбекистон янгиликлари

Бахмалдаги сирдарёликларга “Саховат ва кўмак” карвони жўнатилди

Сардоба туманида бўлган офат талофотларини бартараф этиш, жабр кўрган сирдарёлик юртдошларимизни тушкун ҳолатдан чиқариш бўйича ҳукуматимиз томонидан тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқимиз бир тану бир жон бўлиб жабрдийда биродарларимизни қўллаб-қувватлаш учун инсонпарварлик ёрдамларини етказмоқда. Ушбу жараёнга юртимиз имом-хатиблари ҳам ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ташкил этилган “Сирдарёликларга кўмак” акцияси доирасида ҳомийларни жалб этган ҳолда Фарғона вилояти Олтиариқ тумани имом-хатиблари озиқ-овқат, рўзғор буюмлари ва кийим-кечаклардан иборат 9 та, Тошкент шаҳар вакиллиги бир бош қаромол, озиқ-овқат ва сут маҳсулотлари ортилган 3 та, Самарқанд вилояти Нарпай тумани имом-хатиблари уй-рўзғор буюмлари ва бошқа кундалик эҳтиёж учун зарур озиқ- овқат маҳсулотларини ўз ичига олган 2 та ISUZU юк машинасида “Саховат ва кўмак” карвонини Бахмалда вақтинча яшаб турган 759 нафар сирдарёлик юртдошларимизга жўнатди. Бу каби хайрли ишлар яна давом этмоқда.
Дарҳақиқат, хайру саховат кўрсатиш инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ришталарини боғлашга, ўзаро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, мусибат ва қийинчиликда кўрсатилган ёрдам хотиралардан учмайди. Айни Рамазон кунлари бунинг ажру савоби янада улуғ бўлади. Саховат кўрсатган бандаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи мукофотлайди.
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (“Бақара” сураси, 274-оят).
Аллоҳ таоло қийинчиликка учраган юртдошларимизга енгиллик берсин, оғир дамларда суянч бўлаётган саҳоватпеша инсонлардан Ўзи рози бўлиб, ваъда қилинган ажру савобларни янада кўпайтириб берсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Read 2087 times

Янгиликлар

Top