Ўзбекистон янгиликлари

Қадр кечасидаги онлайн Қуръон хатмонасига марҳабо!

Рамазон ойининг безаги бўлмиш Қуръони каримни хатм қилиш ўлкамизда гўзал анъанага айланган. Аллоҳнинг каломи қалбларга шифо, дилларига сурур, руҳларига қувват бағишлайди. Юртимизда шаҳри Рамазоннинг ҳар оқшомида Илоҳий калом садолари янграмоқда.

Шу йил 20 апрель кунидаги Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида онлайн Қуръони карим тиловатлари ташкил этилиши элимизни чексиз хурсанд қилди.

Улуғ ой давомида диёримизда энг хушовоз қорилар онлайн хатми Қуръонларни ўқидилар. Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали қорилар қироатларини юртимиз аҳли диққат билан тинглади.

Шундай онлайн хатми Қуръонларнинг якуни ва хатмона дуоси 2020 йил 19 май (Қадр кечаси) куни соат 22:15 да жонли эфирда узатилиши режалаштирилди. Хатмона тадбири интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали онлайн намойиш этилади. Шунингдек, ушбу тадбир “Uzreport” телеканалида тўғридан-тўғри, қолган каналларда эса ёзиб олинган ҳолда эфирга берилади.

Мана шундай хатми Қуръонлар файзу баракасидан бутун дунёга, хусусан, юртимизга қут-барака инсин, балою офатлар даф бўлсин, деб илтижолар қиламиз.

Қадр кечасидаги онлайн Қуръон хатмонасига марҳабо, азиз юртдошлар!

 

MuslimTV - https://www.youtube.com/channel/UCLbdL0ibb4zqlqe7LRNOSNQ

Uzreport - https://uzreport.news/live

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3801 times

Янгиликлар

Top