Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари: Қишлоқдаги масжидларимиз шукуҳидан диллар яйрайди

Охирги йилларда юртимизда олиб борилаётган ислоҳот ва ўзгаришларкўлами етмаган соҳа қолмади. Шу жумладан, диний-маърифий соҳада ҳам талайгина ишлар амалга оширилмоқда. Бугун нафақат марказий ҳудудлардаги, балки чекка қишлоқлардаги масжидларимиз ҳам янги қиёфа касб этмоқда.

Фарғона тумани “Оқбилол” қишлоғида жойлашган “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжидининг дастлабки биноси қурилганига тахминан бир асрдан ошган эди. Ўша пайт шароитидан келиб чиқиб қурилган масжид бинолари анчагина нураб қолган, шу сабабдан ибодатга келадиган намозхонлар баъзи ноқулайликларга дуч келаётганди.
Сўнгги икки йил давомида олиб борилган саъй-ҳаракат натижасида қишлоқда кўркам масжид бунёд этилди. Аввалги бинода 200 нафар киши ибодат қилган бўлса, янги қурилган масжиднинг хонақоҳ ва ер тўла қисмида бир вақтнинг ўзида 1500 нафар намозхон ибодатини адо этиши мумкин.

Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳамроҳлигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовлар Оқбилол қишлоғидаги “Абу Бакр Сиддиқ” жоме масжидида олиб борилган ишлар билан танишдилар.
Муфтий ҳазратлари масжидда оддийгина қишлоқ шароитида ихлосманд юртдошларимиз томонидан олиб борилган ишларни юқори баҳолаб, масжид фаоллари ва жамоаси ҳаққига дуо қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1901 times

Янгиликлар

Top