Ўзбекистон янгиликлари

ЯНГИ АСАР: «ВАБО – ИНСОНЛАР УЧУН БИР СИНОВ» китоби нашрдан чиқди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратларининг бевосита ташаббуслари ва умумий таҳрирлари остида «Вабо – инсонлар учун бир синов» номли янги китоб нашрдан чиқди...

Аллоҳ таоло инсониятни иродали ва қатъиятли қилиб яратган. Одамзот ҳар қандай вазиятга кўникиши, ҳар турли бало-офат, ўлат ва мусибатни осонликча енгиб ўтиши мумкин. Илло, бунинг ҳам ўзига яраша шартлари бор. Аввало, табиийки, бу борада Аллоҳ таолонинг каломига, суюкли Пайғамбаримизнинг суннатларига, улуғларнинг ҳаётий тажрибаларига эргашилади. Энг муҳими, жорий этилган қатъий қоидаларга риоя қилиш шарт.

Хабарингиз бор, орадан беш ойдан зиёдроқ вақт ўтган эса-да, ҳануз бутун дунё коронавирус инфекциясига қарши кураш олиб боряпти. Қатъий чоралар қўлланиши туфайли бу бало бироз чекинган бўлса-да, бироқ карантин талаблари юмшатилиши билан бу офат яна дарровбўй кўрсата бошлаяпти.

Сўз исботи билан гўзал. Жорий йил 9 июнь, соат 23:00 ҳолатига кўра, дунё миқёсида ушбу инфекцияга чалинганлар сони 7 миллион 265 минг нафардан ошиб кетди. Ўлат 411 минг нафардан зиёд кишининг ёстиғини қуритди.
Мамлакатимизда эса 4520 киши ушбу касалликни юқтириб олган.

Сўнгги кунларда юртдошларимиз карантин қоидаларига риоя қилишда сусткашликка йўл қўйишаётгани оқибатида аҳоли орасидан ҳам касалланганлар аниқланяпти. Бу ташвишланарли ҳол, албатта. Юқорида келтирилган рақамлар шунчаки сонлар эмас, балки улар ортида қанчадан-қанча маъсум инсонларнинг, муштипар кексаларнинг, бегуноҳ гўдакларнинг тақдири бор.

Бутун дунё халқлари коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқиш учун бор куч-ғайратини, маблағини сафарбар қилаётган, тиббиёт ходимлари ҳафталаб, ойлаб лабораториялардан чиқмай, изланишлар олиб бораётган бир пайтда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан, таъбир жоиз бўлса, коронавирусга қарши “маънавий вакцина” ишлаб чиқилди.

...«Вабо – инсонлар учун бир синов» китоби шуниси билан аҳамиятлики, ундан ўқувчи “Коронавирус қандай касаллик?”; “Пандемия нима?”; “Вабо рўй берса, қандай йўл тутиш керак?”; “Тарихимиздаги даҳшатли ўлат қандай даф этилган?” каби саволларга ҳам диний, ҳам тиббий, ҳам замонавий жиҳатдан аниқ жавоблар олади.

Бир мавзуни ўз вақтида, батафсил, ҳар жиҳатдан очиб берган асар қўлма-қўл мутолаа қилинади, дейишади. Ҳақ гап. Ушбу асарнинг аҳамияти шундаки, унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашинин коронавирус (COVID-19) инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича Фатвоси ҳам ўрин олган. Буни бугунги шароитда ҳар бир мўмин-мусулмон киши ўқиб билиб олиши шарт.

Иссиқ жонни иситмасиз, ҳаётни ўлимсиз тасаввур қилиш қийин. Бундай вазият (коронавирус инфекция туфайли жорий этилган карантин)га илк марта дуч келяпмиз (бошқа дуч келмайлик, иншо Аллоҳ). Бундай пайтда жаноза ва дафн маросимлари қандай ўтказилади? Мабодо, коронавирус инфекциясини юқтириб олган бемор вафот этса, у қандай дафн этилади?

Албатта, бундай саволлар бошига шундай иш тушган кишиларни ўйлантириши табиий. «Вабо – инсонлар учун бир синов» китобида ана шу ва бошқа муҳим саволларга жавоб топишингиз мумкин.

Хуллас, мутолаа муҳибларининг китоб жавонлари яна бир дурдона – «Вабо – инсонлар учун бир синов» китобибилан бойийдиган бўлди.

Янги асар Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли янги очилган “Шамсуддинхон Бобохонов босмахонаси” масъулияти чекланган жамиятида чоп этилди. Китобга А.Хўжамов, Т.Низомов, Ж.Шодиев муҳаррирлик қилган бўлиб, иборалар халқчил, содда ва тушунарли шаклда.

 
Ушбу асар кенг китобхонларга мўлжаллангани билан янада аҳамиятлидир. Аллоҳ таоло ушбу китобни барчамизга муборак қилсин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 2268 times

Янгиликлар

Top