Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Қуръон мусҳафини Бухоро ёзувидаги нусхаси билан танишдилар

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Бухоро вилоятига сафарлари асносида Қуръони карим мусҳафини Бухоро ёзувида битилаётган табаррук нусхаси билан яқиндан танишдилар.
Илоҳий каломнинг ушбу нусхаси ҳаттот Муҳиддин домла Нўъмонов томонидан кўчирилмоқда. Мазкур мусҳафнинг ўлчами 60 см./40 см. бўлиб, Бухоро услубида ёзилмоқда. Ушбу хат Мир Убайдий Бухорий томонидан амалиётга жорий этилган бўлиб, ўзига хослиги ва чиройлилиги билан ҳудди Мадинаи мунаввара нашри каби алоҳида ажралиб туради.
Қуръони карим оятлари матнлари, саҳифаларининг безаклари ҳам қўлда ишланмоқда. Мусҳаф саҳифалари қаймоқ ранг бўлиб, турли рангли нақшлар билан жило берилган. Расмий Усмонийда Мир Убайдий Бухорий ёзувида битилаётган ушбу Қуръони карим мусҳафи ишларининг ярмидан кўпи бажарилган. Мазкур хат ишлари охирига етказилганда, яъни Қуръони каримни кўчириш ишлари якунлангандан сўнг ушбу мусҳаф ҳақида тўлиқ маълумот кенг оммага тақдим этилади.
Ташриф якунида ҳаттот Муҳиддин домла Нўъмоновнинг яқинда вафот этган волидаи муҳтарамаси руҳига бағишлаб, Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, муфтий ҳазратлари томонидан таъзия изҳор қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2028 times

Янгиликлар

Top