Ўзбекистон янгиликлари

Президентимиз нуронийлар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида бир гуруҳ нуроний отахонлар билан учрашди. Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида муҳтарам Президентимизни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикасидаги вакили Шамшетдин Бауатдинов кутиб олишди.

Президентимиз дастлаб, ушбу масжид атрофини кўздан кечириб, унинг атрофида муҳташам мажмуа барпо этиш, уламолар ҳаёти-фаолиятини тарғиб этадиган кутубхона ташкил этиш, шунингдек, ҳудуднинг коммуникация ва инфратузилмасини янгидан барпо этиш бўйича тавсиялар берди. Ушбу бунёд этиладиган мажмуа Мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллигига муносиб совға бўлишини таъкидлади. Шунингдек, Президентимиз ўз сўзида: “Бу табаррук маскан Қорақалпоғистон Республикасидаги энг файзли ва нурафшон маънавият ўчоғи бўлиши керак”, деб, бу мажмуа Мустақиллигимизнинг йигирма олти йиллигига топширилиши бўйича тегишли соҳа мутасаддиларига кўрсатмалар берди.

Нуроний отахонлар билан мулоқотда Давлатимиз раҳбари: “Дуода гап кўп. Бу ерда ўтирган кўпни кўрган, кўп меҳнат қилган оқсоқоллар ҳамиша дуода бўладилар. Чунки дуо қилган, дуо олган ҳеч қачон кам бўлмайди. Дуо туфайли бу заминдан барака аримайди” деб алоҳида қайд этди.

Учрашув давомида меҳнат фахрийлари, нуроний отахонлар сўзга чиқиб, Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган хайрли ишларга ўз муносабатларини билдиришди. Ўзбек ва қорақалпоқ халқининг асрий алоқаларини, маданий уйғунлигини тилга олишди. Келажакда амалга ошириладиган режалар ҳақида сўз юритишди.

Ташриф сўнгида нуроний отахонлар Президентимизга эзгу тилаклар билдириб, дуолар қилишди.

Шамшетдин БАУАТДИНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қорақалпоғистон Республикасидаги вакили

Read 6637 times

Янгиликлар

Top