Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбек фильми XVI Қозон мусулмон кинофильмлари халқаро фестивалида иштирок этади

"Ўзбеккино" миллий агентлиги буюртмасига биноан истеъдодли режиссёр Аюб Шаҳобиддинов томонидан суратга олинган "Рангсиз тушлар" драмаси “XVI Қозон мусулмон кинофильмлари халқаро фестивали” ва Ереваннинг "Fresco" маънавий-ахлоқий фильмлар халқаро кинофестивалининг асосий танлов дастурларига киритилди. Ўтган ҳафта Медиа клубда ёпиқ намойиши ўтказилган мазкур фильм журналист ва блогерлар томонидан илиқ қабул қилинган эди.
"2013 йилда "Паризод" фильмим ҳам Қозон мусулмон кинофильмлари халқаро фестивалининг асосий танловида иштирок этган эди. Ушбу кинофестивал менда яхши таассуротларни қолдирган, чунки танловда қатнашаётган фильмларнинг савияси юксак даражада эди. Энди эса янги "Рангсиз тушлар" фильми билан қатнашиб, Эрон, Туркия, Россия, Хитой, Канада ва бошқа мамлакатларнинг энг яхши фильмлари билан рақобатлашиш имкони берилганидан хурсандман”.
"Fresco" кинофестивали эса мен учун янги тажриба. Пандемия туфайли кўплаб кинофестиваллар бекор қилинди, аммо Ереван кинофестивали тўлиқ ташкил этилаётган бўлиб, томошабинлар ёзги кинотеатрлар экранларида фильмларни томоша қилиш имкониятига эга бўладилар”, – деди режиссёр Аюб Шаҳобиддинов.
Қозон мусулмон кинофильмлари халқаро фестивали Татаристон пойтахтида 2005 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Фестивалнинг таъсисчилари – Татаристон Республикаси Маданият вазирлиги, Қозон шаҳри маъмурияти, Россия Муфтийлар кенгашидир. Фестивал Татаристон Республикаси Президенти ҳомийлигида ўтказилади. Танлов комиссияси ва ҳайъати таркибига дунёнинг атоқли санъат намоёндалари – кинорежиссёрлар, операторлар ва киношунослари киради.
"Fresco" – бу Ереванда ҳар йили ўтказиладиган кинофестивалдир. Унинг асосий мақсади маданий мулоқот орқали инсонпарварлик қадриятлари, муҳаббат ва бағрикенглик фазилатларини янада мустаҳкамлашдан иборат. Маънавий ёки инсоний асосга эга бўлган фильмлар намойиши билан бир қаторда, фестивал ташкилотчилари фильмларда кўтарилган масалалар ва муаммолар бўйича оммавий мунозаралар уюштиради.
"Рангсиз тушлар" фильмида инсон ўз "Мен"ини ҳар қандай шароитда: қамоқхона деворларида, жамиятда ёки оилада ўзгартиришининг бир неча муҳим жиҳатлари илгари сурилган. Кўп йиллик қамоқдан сўнг ўз қадрдон гўшасига қайтган фильм бош қаҳрамони Кашмира аста-секин оиласида, жамиятда ўз ўрнини топиш ҳуқуқига эга эканлигини исботлаши керак эди. Бунда у фақат қатъият ва ирода туфайли кучли шахсга айланиши мумкинлиги англаб етади. Фильмда жамиятда жазо муддатини ўтаб келган шахсларга нисбатан ноўрин муносабатнинг шаклланиши, "одамлар нима дейди" каби қарашлар ортидан пайдо бўладиган ижтимоий муаммолар кўтарилган.
Фильмда бош қаҳрамон ролини Феруза Саидова ижро этган. Шунингдек, киноасарда Карим Мирҳодиев, Шоҳида Исмоилова, Бекзод Абдумуҳитов ва Анвар Назаровлар суратга тушган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1939 times

Янгиликлар

Top