Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳрида янги бунёд этилган “Эшон Бобохон” жоме масжиди билан танишдилар

Бугун, 8 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов бошчилигидаги уламолар ва мутассадди вакиллар Тошкент шаҳри Шайхонтаҳур туманидаги “Эшон Бобохон” жоме масжидининг янгидан барпо этилган биносини кўздан кечириш учун ташриф буюрдилар.

Муфтий ҳазратлари жоме масжид янги биноси билан танишар экан, унинг мўмин-мусулмонлар учун зиё ва ҳидоят тарқатувчи, то Қиёмат кунига қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қиладиган даргоҳ бўлишини тилаб, дуо қилдилар.

“Эшон Бобохон” жоме масжиди лойиҳаси ўзига хослиги, миллий ҳамда замонавий масжидларнинг услубларини ўзида акс эттирганлиги билан ажралиб туради. Хонақоҳ ва пастки қисм жами 3000 намозхонни сиғдиришга мўлжалланган. Шунингдек, аёллар учун алоҳида таҳоратхона ва намозхона ўрин олиши режалаштирилган.

Ташриф якунида Муфтий Бобохоновлар сулоласидан бўлган, табаррук ёшдаги Маҳфуза ҳожи она юртимиз ободлиги, Ислом дини ривожи ва диёримиздан турли балою-офатлар тезроқ даф бўлишини сўраб, Ҳақ таолога дуою илтижолар қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2153 times

Янгиликлар

Top