Ўзбекистон янгиликлари

Диний соҳа раҳбарлари Тошкент шаҳрида қайта қад ростлаган “Чоштепа” жоме масжидини бориб кўрдилар

Кеча, 8 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов бошчилигидаги уламолар ва мутассадди вакиллар пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Чоштепа” жоме масжидининг янги биносини кўздан кечирдилар.
Муфтий ҳазратлари мўъжаз масжиднинг янги биносини кўздан кечирар эканлар, унинг архитектураси ва дизайни пойтахтимиздаги масжидлардан ўзгача, чиройли ва шинам бўлганини алоҳида таъкидладилар, ушбу масжид қурилишига ҳисса қўшган барчанинг ҳақига дуои хайрлар қилдилар.
– Алҳамдулиллаҳ, “Чоштепа“ жоме масжиди барча замон талабларига мос ҳолда, миллий дизайн ва янги шаклда қад ростлади, – дейди масжид имом хатиби Абдулҳаким Хотамов. – Ушбу масжид биноси илк бор 1998 йилда 350 кишига мўлжаллаб қурилган. Сўнгги йилларда намозхонлар кўпайгани сабабли масжид ичи торлик қилаётганди. Шунингдек, иситиш ва совутиш тизимида муаммолар бўлгани учун қишда совуқ, ёзда эса иссиқ бўларди. Масжид биноси эскиргани туфайли томидан чакка ўтарди, деворлари эса ёрилиб кетганди. Бундан ташқари, масжид меҳроби қибладан 35 градусга фарқланарди.
Шу сабабли маҳалла аҳлининг мурожаатига асосан “Чоштепа“ жоме масжиди қайта қурилишига Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 2017 йил 29 июлда рухсат берилди. Масжидни қайта қуриш ишлари 2018 йил май ойида бошланиб 2020 йил май ойида тугалланди.
Янги масжид хонақоҳи, ер тўла ва айвонлари 2000 намозхонга мўлжалланган. Шунингдек, масжид биносини қиш ва ёз ойларида иситиш ва совутиш учун сунъий иқлим ҳосил қилувчи қурилмалар ўрнатилган, иссиқ поллар ётқизилган.
Масжид 22х22 метрли саккиз қиррали қилиб қурилди. 43 метрли битта минораси ва еттита гумбази бор. Хонақоҳ айланаси 10 метрли гумбаз билан қопланган. Хонақоҳ гумбазидан ергача 17 метрни ташкил этади. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида 20 га яқин киши фойдаланиши мумкин бўлган таҳоратхонада барча шароитлар яратилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1938 times

Янгиликлар

Top