Ўзбекистон янгиликлари

Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

 

Муборак Қурбон ҳайити моҳиятида мужассам бўлган хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 31 июль – жума кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2020 йил 31 июль Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Қурбон ҳайитининг карантин талабларига риоя қилган ҳолда, халқимизнинг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни ёритиш тавсия этилсин.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                Ш.Мирзиёев

Read 2039 times

Янгиликлар

Top