Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон ва Индонезия зиёрат туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди

Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчиси Улуғбек Розуқулов Индонезиядаги энг йирик мусулмон ташкилоти “Наҳдатул уламо” Ижроия қўмитаси раиси Саид Оқил Сирож билан учрашди, дея хабар бермоқда "Дунё" ахборот агентлиги.
“Наҳдатул уламо” 1926 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда унинг 90 миллионга яқин аъзоси бор.
Учрашув чоғида Саид Оқил Сирож Ўзбекистоннинг Ислом цивилизациясининг ривожига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Ўзбек халқининг Имом ал-Бухорий, Абу Али Ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий ва бошқа буюк ўғлонлари каби Ислом оламининг етук вакиллари асарларини ўрганиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистоннинг бой тарихий, маданий ва маънавий меросидан Индонезия яхши хабардор эканини таъкидлади.
Музокаралар якунида томонлар зиёрат туризми соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш, хусусан, "Ўзбекистон+зиёрат" ва "Ўзбекистон+Умра" қўшма сайёҳлик пакетларини илгари суриш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.
Шунингдек, томонлар жорий йилнинг октябр ойидан янги туристик пакетларнинг ташкилий-техник жиҳатлари бўйича иш олиб борадиган қўшма ишчи гуруҳини тузишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1598 times

Янгиликлар

Top