Кеча, 18 август куни Сирдарё вилояти Сардоба туманида жойлашган “Гулзор” жоме масжидининг янги биносига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят бош имом хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров бошчилигидаги уламолар, нуроний хожи отахонлар янги бинонинг пойдеворига табаррукона биринчи ғиштни қўйиб бердилар.
Тадбир давомида Ҳабибуллоҳ домла қурилиш жараёни билан танишдилар, лойиҳа ва режалар бўйича уста, мутахасислар билан маслаҳатлашдилар, ҳомийларга миннатдорлик билдирдилар, иштирокчиларга масжид барпо қилишнинг савоби ҳақида сўзлаб бердилар.
Йиғилиш якунида Ҳабибуллоҳ домла қўлларини очиб бундай дуо қилдилар: “Эй Аллоҳ, ушбу Байтуллоҳни халқимизга, унинг жамоатига муборак этгин, уни тақво устига қурилган Байтуллоҳлардан қилгин, унинг қурилишига ҳисса қўшаётган имом домламиз бошчилигидаги масжид ходимлари, ҳомий ака-укаларимиз, мутахасис-усталаримизнинг эзгу амалларини Ўз даргоҳингда қабул айлагин, Парвардигор, бу Байтуллоҳда қиёматга қадар мўмин-мусулмонлар тўлиб-тошиб ибодат қилишини, маърифат, тавба уйи бўлишида Ўзинг кўмакчи бўлгин. Ушбу Байтуллоҳ сабабли унинг қавмига файзу барокатингни ёғдиргин, диёримизни тинч қилгин, халқимини саломат қилгин, Юртбошимиз бошчилигидаги раҳбарларимизнинг олиб бораётган ишларига мададкор бўлгин”. Шунингдек, ёши улуғ хожи боболар, хожи отахонлар ҳам хайрли дуолар қилдилар. Қатнашчилар омин, деб туришди.
Кейинги йилларда масжид биноси эскириб қолгани, намозхонлар сони ортиб масжидда жой торлик қилгани, айниқса, ҳайит, жума намозларида одамлар ҳар қандай об-ҳаво шароитида ташқарида қолиб кетгани, меҳробнинг қибладан анча фарқ қилиши туфайли жомени қайта қуриш учун эҳтиёж пайдо бўлди, – дейди масжид имом-хатиби Ибодуллоҳ домла Бобомуротов. – Лойиҳага кўра, масжиднинг янги биноси 600 дан зиёд намозхонга мўлжалланган. Хонақоҳ 24х18 метрли қилиб қурилмоқда. Унда битта гумбаз бўлади. Таҳоратхонани ҳам янгитдан қуриш режалаштирилган.
Маълумот учун, “Гулзор” масжиди фаолият юритиши учун илк бор 1993 йилда гувоҳнома олинган. Ҳудуддаги “Ота юрт” ва “Бирлик” маҳаллалари намохонлари . жоменинг қавми ҳисобланади. Олдинлари масжидга кундалик беш вақт намоз учун 30-40 нафар, жума ва ҳайит намозларига 200 дан ортиқ намозхон ибодатларни адо этиб келган.
Аллоҳ таоло ушбу масжидда бошланган қурилиш ишларини хайрли ва баракали қилсин, қисқа фурсатларда мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилиб, ибодат ва маърифат масканига айлансин, унга ҳисса қўшган саҳоватпеша инсонларга ажрларини кўпайтириб берсин!
Баҳриддин Хушбоқов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати ходими