Таъзия билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Камалов Карим Жамаловичнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Карим Камалов меҳнат фаолияти давомида бой билим ва катта тажрибаси, инсоний фазилатлари билан Бухоро халқининг қалбидан чуқур жой олган инсон эди. У киши 1955 йилда Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Бухоро муҳандислик технологиялари институтини тамомлаб, бир неча масъул вазифаларда меҳнат қилган эди. Айниқса, 1994-2007 ва 2017-2020 йилларда Бухоро шаҳар ҳокими вазифасида жуда катта хайли ишларни амалга оширди. 2020 йил феваль ойидан буён Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимида хизмат қилаётган эди.
Бухоро вилоятида кейинги вақтларда юз берган ижобий ўзгаришлар Карим Камаловнинг фаолияти билан бевосита чамбарчас боғлиқ эди.
Олтмиш беш ёшни қаршилаган ушбу мўйсафид инсон Бухоро вилоятида олиб борган фаолияти барчага намуна бўлди.
Жумладан, масжид-мадрасаларни обод этиш, зиёратгоҳларни таъмирлаш ва имом-хатибларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мадраса талабаларига муносиб шароитларни ҳозирлаш борасида жуда катта ишларни амалга ошираётган эди. Айниқса, Бухоро вилоятида фаолият юритаётган Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ва Мир Араб Олий мадрасаси фойдаланиши учун шариф шаҳарнинг Абу Ҳафс Кабир кўчасида жойлашган мактаб-интернат биноси ажратилиши ва таъмирланишига муносиб ҳисса қўшган.
Мана шундай кўп йиллик меҳнатлари эътиборга олиниб, ҳукуматимиз томонидан Карим Камалов фидоий инсон ва жонкуяр раҳбар сифатидаги меҳнатларини юксак қадрланиб “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган эди.
Дарҳақиқат, Ислом динимизда умри узоқ бўлиб, солиҳ амаллар қилган инсонлар кўп мадҳ этилган. Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Инсонларнинг қайсиниси афзал” – деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умри узоқ бўлиб, амали чиройли бўлгани” – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бир ҳадиси қудсийда: “Эй Одам фарзанди! … Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деб таъкидланган.
Ҳақиқатан, марҳум Карим Камалов ҳам ана шундай эзгу фазилатлар ва яхши хислатлар соҳиби эди. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади: «Сабрлиларга хушхабар берингки, улар ўзларига мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир».
Шундай экан, Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ таоло раҳматли Карим Камаловни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига буркасин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум биродаримизни Ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.


Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Read 1798 times

Янгиликлар

Top