Ўзбекистон янгиликлари

Навоий вилоятида 5 та объект ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида Буюк ипак йўлининг Зарафшон —Қорақум қисмида жойлашган «Қосим-Шайх», «Мирсаид Баҳром», «Работи-Малик», «Сардоба», «Мавлоно Ориф Деггароний» маданий мерос объектларини ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси ёдгорликлари рўйхатига киритиш топшириғи берилганди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, юқорида номи кўрсатиб ўтилган тарихий ёдгорликларни, ЮНEСКО рўйхатига киритиш бўйича 2019 йил 20 май куни вилоят Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ва Ўрта Осиё Халқаро тадқиқотлар институти (IICAI) ўртасида лойиҳанинг умумий қиймати 1100,0 млн сўмлик икки томонлама шартнома имзоланди. Шартнома шартларига мувофиқ ишлар уч босқичда амалга оширилиши белгиланган. Биринчи босқич бўйича Ўрта Осиё Халқаро тадқиқотлар институти малакали мутахассислари ва хорижий экспертлари иштирокида мазкур тарихий объектларнинг қўриқлаш, муҳофаза қилиш чегаралари аниқ белгилаб олиниб, хулосалари тақдим қилинди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди. Ўрта Осиё Халқаро тадқиқотлар институти томонидан иккинчи ва якуний босқич ишлари, яъни маданий мерос объектларининг илмий ҳужжатларини жаҳон мероси рўйхатига киритиш учун тайёрлаш, ҳар бир объектнинг ҳолатини ўрганиб чиққан ҳолда номинация матнини ёзиш учун дастлабки маълумотларни тўплаш ва умумлаштириш, объектларнинг хусусиятлари, объект тавсифи, тарихий ривожланиш чизиғи, Бутунжаҳон меросини муҳофаза қилиш Конвенциясига мувофиқ қўлланма формати ва мазмунига асосланган трансчегаравий номинация лойиҳасини ЮНEСКО жаҳон мероси рўйхатига киритиш мақсадида маданий мерос объектларининг илмий ҳужжатларини тайёрлаш ишлари учун бугунги кунда тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада маданий мерос объектларини муҳофаза қилибгина қолмасдан Навоий вилоятининг туристик имиджи яратилиб ҳудудларнинг мавжуд инфратузилмасини ривожлантириш, туризм соҳасида инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринларини яратиш, соҳасидаги кадрлар малакасини ошириш, вилоятнинг туристик салоҳиятини ошириш имконияти пайдо бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1765 times

Янгиликлар

Top