Ўзбекистон янгиликлари

Эксперт Шаҳрисабздаги масжид атрофидаги боғларни қайта тиклашни таклиф қилди

Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан "Регенерация аспектида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари: Шаҳрисабз шаҳри мисолида"мавзусида онлайн давра суҳбати ташкил этилди. Sputnik маълумотларига кўра, бу ҳақда давлат бошқаруви органи хабар берган.
Тадбирда ИКОМОС халқаро экспертлари, Франция шаҳарсозлик институти вакиллари, шунингдек, маҳаллий меъморлар, археологлар ва маданий меросни асраш бўйича мутахассислар иштирок этди.
Учрашув давомида давра суҳбати иштирокчилари томонидан "Шаҳрисабз тарихий маркази" – жаҳон мероси объектини барпо этиш режаси муҳокама қилинди. Маълумки, у шаҳар тузилишини батафсил ўрганишга асосланган бўлади.
Франциянинг шаҳарсозлик институти эксперти Эрик Хойбрехтс Темурийлар сулоласидан қолган ёдгорликларга эътибор қаратиб, шаҳар режасининг барча жиҳатларини таҳлил қилишни таклиф этди.
Тарих фанлари доктори, археолог Рустам Сулаймонов ўз навбатида Шаҳрисабз буюк саркарда Амир Темурнинг ватани сифатида бутун дунёда танилганини қайд этди. Унинг раҳбарлигида шаҳар илм-фан ва санъатнинг ҳақиқий марказига айланди, шу жумладан меъморий иншоотларнинг ўзига хослиги билан машҳур.
Архитектура доктори, профессор Додо Нозилов масжидлар атрофидаги боғларни қайта тиклашни таклиф қилди. Унинг айтишича, илгари мусулмон қадамжолари яқинида сув ҳавзалари, дарахтлар ва боғлар бўлган, бу ерда намоздан кейин салқинда дам олиш мумкин бўлган. Бундан ташқари, у лойиҳада нафақат меъморлар, боғбонлар, балки тарихчилар ва санъатшунослар ҳам иштирок этишини тавсия қилди.
Шаҳрисабз шаҳридаги музей-қўриқхона директори Набижон Хушвақовнинг айтишича, Амир Темур даврида бутун шаҳар саккиз маҳалладан иборат бўлган. Бироқ сўнгги йилларда Заргарлик маҳалласи бузилиб, шаҳар инфратузилмаси ва халқ ҳаётига салбий таъсир кўрсатди. Муассаса раҳбари хатони тўғрилаб, аввалгидай хом ғиштлардан уйлар қуришни таклиф қилган. Шундай қилиб, шаҳарнинг тарихий қиёфаси қайта тикланади.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда Шаҳрисабзнинг тарихий маркази у ерда олиб борилган демонтаж ва қурилиш ишлари туфайли ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитасининг 40-сессияси қарори билан Умумжаҳон меросининг хавф остидаги объектлар рўйхатига киритилган эди. 2019 йилнинг июль ойида БМТ ихтисослаштирилган агентлиги Комитети Бокудаги 43-сессияда уни рўйхатда сақлашга қарор қилди. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони икки йил ичида шаҳарни қайта тиклаш режаси лойиҳасини тузиш мажбуриятини олди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1878 times

Янгиликлар

Top