Ўзбекистон янгиликлари

Китобхонлик маданиятини ошириш

Мустақиллик биз учун аввало ўзлигимизни англаш, инсоний қадримизни, урф-одат ва қадриятларимизни, муқаддас Ислом динимизни, буюк аждодларимиз, азиз-авлиё ва алломаларимизнинг табаррук номлари ва меросини, ғурур ва ифтихоримизни тиклаш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш каби беқиёс имкониятлар очиб берганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши айни муддао бўлди. Жорий йилнинг февраль ойидаЎзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси томонидан Тошкент ислом институти ва барча ўрта махсус ислом билим юртлари Ахборот ресурс марказларига талабалар фойдаланишлари учун жами 83 турдаги 2582 дона бадиий ҳамда чет эл адабиётлари билан бойитилди.

Шу муносабат билан барча диний таълим муассасаларида хайрия жамғармаси томонидан тақдим этилган бадиий адабиётлар тақдимоти маросимлари бўлиб ўтди. Талабалар ўртасида китобхонликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ушбу тақдимот маросимларининг устувор вазифаларидан бири бу – талабалар бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, китобга муҳаббатини ошириш, миллий меросларимиздан тўла фойдалана олиш, буюк аждодларимиз қолдирган илмий меросларини асраб-авайлаш ҳамда ўқиб-ўрганишдир. Айниқса, туҳфа қилинган китоблар тўпламида Алишер Навоийнинг 10 жилдли асари ҳамда 2 жилдли “Қомусий луғат”, “Буюк юрт алломалари”, “Ҳикматлар шодаси”, “Оила энциклопедияси”, Ҳомиджон Ҳомидийнинг “Тасаввуф алломалари” ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Умидимиз юлдузларига” асарлар тўплами ва жаҳон адабиётининг етук намояндалари Ф. Достоевскийнинг “Телба”, Юлиан Семёновнинг “Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси” Арастунинг “Ахлоқи кабир” номли асарлари мавжудлиги талабаларнинг илмий саводхонлигини оширишда муҳим ўрин эгаллайди. 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими

Read 9392 times

Янгиликлар

Top